Ссылки доступа

ТИВ АҚШДа қозоғистонлик аёллар фирибгарлик тўғрисидаги иш бўйича ушланганини тасдиқлади


Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги АҚШда фирибгарлик ишини тергов қилиш доирасида уч нафар Қозоғистон фуқароси ушланганини тасдиқлади.

Қозоғистон ТИВ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 1994, 1991 ва 1970 йилда туғилган, Қозоғистон фуқароси бўлган аёллар ушланган. Ушланганларнинг икки нафари ҳибсда сақланмоқда, яна бири — 1970 йилда туғилгани - соғлиғининг ҳолатига кўра, бошқа жойга кетмаслик ҳақида тилхат олиб қўйиб юборилган. Матбуот хизматида тафсилотларга аниқлик киритишмади.

АҚШ Адлия вазирлиги 24 июль куни ушбу иш бўйича 25 киши, жумладан уч нафар Қозоғистон фуқароси бўлган аёллар, Озарбайжон, Грузия, Латвия, Туркия, Украина ва АҚШ фуқаролари айбланаётганини хабар қилди.

Айблов хулосасига биноан, ушбу шахслар интернетда автомобилларни сотиш бўйича ёлғон эълон берганли, шундан сўнг алданган одамлардан олинган пулларни қалбакикомпаниялар орқали АҚШ ҳудудидан ташқарига ўтказганлиги тахмин қилинмоқда. Бундай схема, ҳукуматнинг фаразига кўра, 2016 йил ноябрдан 2018 йил июлгача амалда бўлган. Етказилган зарар тўрт миллион доллардан ортиқни ташкил қилади.

Айб сифатида қўйилаётган модда — фирибгарлик содир этиш ҳақида тил бириктириш ва пулларни “ювиш” — 20 дан 30 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазони назарда тутади.

XS
SM
MD
LG