Ссылки доступа

Ўзбекистонда меҳрибонлик уйида болаларни калтаклаш ва жинсий зўрлашда айбланганларга ҳукм ўқилди


Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида етимларга ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пулларини талон-тарож қилганликда, болалар уйи тарбияланувчиларини жинсий ва жисмоний эксплуатация қилинганликда айбланганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Айбланувчиларга нисбатан 18 апрелда бошланган суд жараёни ниҳоясига етгани тўғрисида 7 август куни маҳаллий нашрлар хабар берди.

Жиноят кодексининг 207–моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб соҳтакорлиги), 115-моддаси (шахснинг ҳомиласини мажбурий равишда сунъий тушириш) бўйича айбланаётган собиқ директор Камол Якубов ва директор ўринбосари Собиржон Усмонов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари фельдшер Ихтиёр Йўлдошев 3 йилу 6 ойга, тарбиячи Равшан Абдуфаттоев 3 йилга қамалди.

Тарбиячилар Хуршида Якубова, Наргиза Солиева, энагалар Дилдора Жўрабоева ва Ханифа Тўраеваларга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши юзасидан жами 10 нафар одамга ҳукм чиқарилди.

Хабарда айтилишича, тарбиячилар ва энагалар Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 3-7 ёшдаги болаларни муттасил равишда уриб-дўппослаган. Шу каби жиноятларни тарбиячи ва фельдшерлар ҳам содир этган.

“Бундан ташқари, вояга етмаган тарбияланувчи бошқа тарбияланувчи билан ихтиёрий тарздаги жинсий алоқа натижасида ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланган. Тарбияланувчи ҳамшира билан олдиндан жиноий тил бириктириб, у қизнинг ҳомиласини сунъий равишда мажбуран тушириб юборган”, дейилади хабарда.

Меҳрибонлий уйи раҳбарияти, бош ҳисобчи ва ҳисобчилар олдиндан жиноий тил бириктириб 167 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.

XS
SM
MD
LG