Ссылки доступа

Бишкекнинг янги мэри ҳалол ишлаш ниятида ва ўзи қамоққа олинишидан қўрқмайди


Бугун шаҳар кенеши депутатлари томонидан сайланган Бишкек мэри Азиз Суракматов қамоққа олиниши мумкинлигидан қўрқмаслигини баён қилди.

«Мен ўзимнинг ҳибсга олинишимдан қўрқмайман. Янги мэр сайловларигача икки йил вақтим бор. Ҳалол ишлайман», - деди у журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб.

Бишкек шаҳар кенеши Азиз Суракматовни пойтахт мэри этиб сайлади. Уни ёқлаб 43 депутат овоз берди,1 киши қарши чиқди. Шаҳар кенешида ҳаммаси бўлиб 45 нафар депутат йиғилган. Суракматов шаҳар раҳбари лавозимига ягона номзод эди. Ғалаба қилиш учун овозларнинг оддий кўплиги талаб қилинди.

Азиз Суракматовнинг номзодини шаҳар кенеши кўпчилигининг коалицияси илгари сурган эди. Ундан ташқари, шаҳар кенеши фракциялари ва бош вазир номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Лекин камчилик номзод кўрсатмасликка қарор қилди, бош вазир эса ўз қарорини эълон қилмади.

Шаҳар кенеши депутатлари Бишкек мэрини дастурини тақдим этмасдан туриб сайлашга қарор қилди. Мэр сайлови муниципалитет биноси ёнида норозилик акцияси ўтказилиши билан бирга бўлиб ўтди. Фаоллар янги, лекин тўғридан-тўғри сайловлар ўтказишни талаб қилишди. Улар мэрни Бишкек аҳолисининг ўзи сайлаши зарур деб ҳисоблашади. Аввалроқ, МСК тегишли мурожжатни рад қилган эди.

Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов унга шаҳар кенеши депутатлари ишончсизлик билдиришганидан кейинмэр лавозимидан кетган эди. Бир оз вақт ўтганидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унга коррупция айбини қўйди.

XS
SM
MD
LG