Ссылки доступа

Давлат департаменти Скрипаллар иши туфайли РФга нисбатан санкциялар киритади


АҚШ Давлат департаменти Британиянинг Солсбери шаҳрида собиқ рус офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарлангани туфайли Россияга нисбатан санкциялар киритади. Тегишли баёнот Давлат департаментининг сайтида эълон қилинди.

Давлат депрартаментининг вакиласи Хизер Нойерт хоним Буюк Британияда асабни фалажловчи модда қўллаган Россия халқаро ҳуқуқни бузган, деб аниқлик киритди.

Янги чекловлар 22 августдан бошлаб кучга киради. Хусусан, Россияга миллий хавфсизлик соҳасида ишлатиладиган товарларни экспорт қилишга тақиқ қўйилади. Бу ерда авиацияда ишлатиладиган электрон қурилмалар ҳақида сўз бормоқда.

Агар Москвадагилар уч ой мобайнида кимёвий қурол қўлламасликка кафолат бермаса ва халқаро инспекторларни мамлакатга қўйишга розилик бермаса, у ҳолда Россия санкцияларнинг иккинчи даврасига дуч келади, деб хабар қилмоқда NBC сайти Давлат департаментига таянган ҳолда. Хусусан, “Аэрофлот” кмопанияларининг АҚШга парвози тақиқланиши ва ўзаро савдо энг кам миқдоргача камайтирилиши назарда тутилмоқда.

1991 йилдаги қонунга биноан, бирор мамлакат томонидан биологик ва кимёвий қурол қўллаш АҚШ томонидан чекловчи чоралар қўлланишини келтириб чиқаради.

2018 йил 4 март куни Бош разведка бошқармасининг собиқ офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Солсбери шаҳар паркида ҳушсиз ҳолда топилган ва касалхонага олиб борилган эди. Узоқ вақт даволаниш ва реабилитациядан сўнг, иккаласи турли вақтда касалхонадан чиқарилди ва биргаликда қўриқланмоқда, уларнинг манзили Британия ҳукумати томонидан ошкор қилинмаяпти.

Лондондагилар Скрипалларга суиқасд қилиш ортида Кремль турганлиги, чунки “Новичок” жанговор заҳари СССРда ишлаб чиқарилганини баён қилишди. Москва бу айбловларни инкор қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG