Ссылки доступа

Тожикистондаги меҳрибонлик уйлари ижтимоий етимларни қабул қилмайди


Кушониён туманида истиқомат қилувчи 40 ёшли Гулсумда ўз турар жойи йўқ, у ўз отасининг уйида яшашга мажбур. Бир неча йил олдин ноиложликдан фарзандларини Жалолиддин Балхий туманидаги интернат уйига берганди.

Шу йил ёзда болалар ёзги таътилни ўтказиш учун бобосининг уйига келишди ва шу ерда қолиб кетишлари мумкин: Гулсумга интернатдан қўнғироқ қилишиб унинг оиласи ёрдамга муҳтож бўлмагани учун болалари қайта қабул қилинмаслиги ҳақида айтишди. Унинг сўзларига кўра, ўз фарзандларини интернат уйларига тарбиялаш учун берган бошқа ёлғиз оналарга ҳам худди шундай дейишган. Халқ таълими вазирлиги қарори асосида жорий йил июль ойидан бошлаб интернат уйларида фақат чин етимлар қолади.

Хатлон вилояти таълим бошқармаси ходими Сафар Давлатнинг 8 август куни маълум қилишича, ушбу қарор охирги пайтларда кўплаб ота-оналар ўз фарзандларини мустақил тарбиялашни хоҳламай, бу масъулиятни давлат зиммасига ўтказиб юбораётгани учун қабул қилинган.

Жалолиддин Балхий туманидаги етимхона директори Ражаб Шокировнинг айтишига кўра, 254 тарбияланувчидан 113 нафари ўз уйлари ёки ота-онасининг уйларига қайтишлари керак. “Айримлар яхши шароитларда яшамоқда, ажрашганлар эса алиментлар ва кўмак олишаяпти ҳамда ёрдамга муҳтож деб ҳисобланмайди”, - деди Шокиров.

Кўплаб ёлғиз оналарни бу янгилик кутилмаганда ғафлатда қолдирди. Жалолиддин Балхий туманида яшайдиган Нозаниннинг сўзларига қараганда, унинг собиқ эри Россияга ишлаш учун кетган, у ундан алимент олмайди. “Мен ноиложликдан ўз қизимни интернатга берганман. Мен ўз фарзандимни боқа олмадим, таълим бера олмадим. Агар уни олиб кетишни сўрашса, нима қилишни билмайман”, - деди ушбу аёл.

Тожикистонда мавжуд 77 та интернат уйида 46 мингдан зиёд болалар тарбияланади.

XS
SM
MD
LG