Ссылки доступа

Қирғизистонлик шоир собиқ бош прокурордан суд орқали 50 минг сом ундириб олиш ниятида


Фуқаролик фаоли ва шоир Темирлан Ўрмуқов ҚРнинг собиқ бош прокурори Индира Жўлдубаевага қарши судга даъво берди. Бу ҳақда унинг ўзи сўзлаб берди.

Ўрмуқов суддан собиқ бош прокурорнинг ҳаракатларини ноқонуний деб тан олишни сўрамоқда ва ундан 50 минг сом (750 доллар атрофида) талаб қилаяпти. Шоир Жўлдубаевага суд харажатларини қоплашни юклашни ҳам сўрамоқда.

Темирлан Ўрмуқов унинг қирғиз тилида ёзилган «Ажонун ооруп жүрөгү» шеърининг рус тилида экспертизадан ўтказилганини нотўғри деб ҳисоблайди. Шоир тергов унга босим ўтказгани, шунинг учун собиқ бош прокурор Индира Жўлдубаева жавобгарликка тортилиши зарурлигини баён қилди.

2016 йил декабрда Темирлан Ўрмуқовни ўша пайтда президент бўлган Алмазбек Атамбаевни танқид қилиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилган «Ажонун ооруп жүрөгү» (Ҳукмдорнинг юраги оғриди) шеъри учун сўроққа таклиф қилишди.

Ўшанда Ўрмуқов унинг шеърларига филологик экспертиза тайинланганини хабар қилган эди. Экспертлар олдига учта савол қўйишди: шеърларда президентнинг шаъни ва қадр қимматига доғ туширувчи сатрлар; туҳмат; миллатлараро ва минтақалараро адоват уйғотувчи элементлар борми? Жиноят иши қўзғатилмаган эди.

XS
SM
MD
LG