Ссылки доступа

Ўзбекистонда эҳсон пулини бир миллион сўмга етказмаган масжид ёпилиши мумкин


Қашқадарёдаги Ярғунчи масжиди ходимларига ойига 1 миллион сўм эҳсон пули тушириш мажбурияти юклатилди. Акс ҳолда масжид ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Қашқадарё вилоят, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжиди эшигига "агар масжид ойига бир миллион сўм (128 доллар) пул маблағи туширмаса, ёпилиши мумкинлиги" ҳақидаги эълон ёпиштирилди.

Масжидга борган намозхонлар томонидан суратга олиниб, Озодликка йўлланган ушбу эълон тилхат кўринишида бўлиб, унга масжид имоми Бурҳон Пардаев билан мутавваллиси Ўрол Боймирзаев имзо чеккан. “Ойига масжидимиз ҳисоб рақамига 1.000.000 (бир миллион) сўм пул маблағи тушмаса масжиднинг фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатишга розимиз” дейилади тилхат давомида.

Ярғунчи масжиди имоми Бурҳон Пардаев масжид эшигига айни мазмундаги эълон ёпиштирилганини тасдиқлаб, бу Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги талаби билан ёзилганини айтди. Пардаевга кўра, масжиднинг тушум пули жуда кам бўлгани боис Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги шундай чорани қўллаган. "Тушум кам бўлгани учун иш ҳақи ололмаймизку ахир. Иш ҳақи ёзиш учун энг кам иш ҳақининг 2,5 баробаридан кам ёзиш мумкин эмас, шунга мувофиқ бўлиши керак. Етмагани учун иш ҳақи йўқ бўлиб турибди ҳозир", деди Бурҳон Пардаев.

Пардаевнинг айтишича, масжиднинг пул билан боғлиқ муаммоси ҳақидаги эълон масжид эшигига ёпиштирилгач, пул тушуми бироз ошган. "Иш берди. Бир миллион бўлмаса ҳам, одамлар ёрдам қилишди. Ундан ташқари масжиди йўқ қишлоқ жойларидаги маҳалла мўминлари эълонни ўқигач, 50 минг сўмдан счётимизга ўтказиб берадиган бўлишди", дейди Пардаев.

Ўзбекистондаги айрим масжидларнинг имомлари мамлакатда сўннги кунларда масжидларга бўлган тушум пуллари назорати янада кучайтирилганини айтишмоқда. “Эҳсон қутиларини солиқдан келиб муҳрлаб кетишади. Ҳар жума куни қутилар очилади. Очиш пайти солиқдан, ИИБ, МИБ, МХХдан вакил бўлади. Қути очилгач пулларни инкасаторлар олиб кетишади”, дейди андижонлик имом.

XS
SM
MD
LG