Ссылки доступа

Озод Европа/Озодлик радиоси БМТнинг журналист Мурадова ўлимига оид қарорни олқишлади


Озод Европа/Озодлик радиоси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси журналист Ўғулсапар Мурадова ўлимига Туркманистон ҳукумати масъул экани тўғрисида чиқарган қарорни олқишлайди.

Радио президенти Том Кент бу ҳақда ,билдирар экан, мазкур қарор Озодлик радиоси туркман хизматига ҳукумат томонидан босимлар давом этаётган бир пайтда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Биз ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг хулосасини тасдиқловчи БМТ қарорини олқишлаймиз: Ўғулсапар Мурадованинг ўлими унинг ҳуқуқ ҳимоячиси фаолиятига қарши туркман ҳукуматининг сиёсий мотивларга эга бўлган жиноятидир”, - деди Кент.

Озод Европа / Озодлик радиоси президенти бу воқеадан 12 йил ўтиб ҳам туркман журналистлари, жумладан, Сўлтан Ачилова, Сапармамед Непескулиев, Ровшен Язмухамедов ва Худайберди Аллашовлар ўз касбий фаолиятлари ортидан туркман ҳукумати томонидан таъқиб қилинаётганини таъкидлади. Кент Туркманистонни журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.

“Туркманистон Хельсинки фонди” ҳуқуқ ташкилоти ҳаммуассиси Ўғулсапар Мурадова 2004 йилда Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири бўлиб ишлаган. У 2006 йилнинг июль ойида француз журналистлари билан мулоқот қилгани учун қамоққа олинган. Туркманистон ҳукумати француз журналистларини жосусликда айблаган. Ўғулсапар Мурадова олдига адвокатлар киритилмаган. Ашхабодда суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган. Журналист ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас. У 2016 йилнинг сентябрида қамоқхонада вафот этган. Қариндошлари Муродованинг танасида қийноқ изларини кўрганлар. Туркманистон ҳукумати Мурадованинг ўлимига алоқадор эканини тан олмаган.

2018 йилнинг 3 августида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси журналист Ўғулсапар Мурадова ўлимига Туркманистон ҳукумати масъул экани тўғрисида қарор чиқарган.

XS
SM
MD
LG