Ссылки доступа

Ўзбекистонда МИБнинг салкам 100 ходимига ҳужум қилинди (видео)


Мажбурий ижро бюроси ходимлари – ижрочилари ва инспектор- ларига фуқаролар томонидан қилинган тажовузларга оид маълумотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда МИБнинг салкам 100 ходимига ҳужум қилинди.

Андижон вилоят, Андижон туман МИБ ходими Баҳром Ҳакимқулов 19 июлда пичоқлангани тўғрисида Озодлик 20 июлда хабар қилган эди. Баҳром Ҳакимқулов куни кеча касалхонадан чиққани маълум бўлди. МИБ ходими Баҳром Ҳакимқуловни пичоқлаганликда гумонланиб ҳибсга олинган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мамлакат бўйлаб МИБнинг 96 ходими – ижрочи ва инспекторлари истеъмолчилар ҳужумига учрагани шу сюжетда маълум қилинди.

– 96 та ҳолатнинг 30 дан зиёди бевосита жиноят иши қўзғатиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Бундан ташқари 20 дан ортиқ маъмурий ишлар мавжуд. Қолган ишлар ҳозирда ўрганиш босқичида. Биз, бунда, албатта, МИБ ходимининг ҳаракатларини ҳам ўрганамиз ва баҳо бериб ўтамиз, - деди Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фарруҳ Тошпўлатов.

МИБ расмий вакилининг айтишича, инспекторлар ўз ҳудудидаги агрессив истеъмолчиларни билади. "Улар билан ишлаш учун, зарурат туғилганда, инспекторларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишларнинг профилактика инспекторларини, маҳалла фаолларини жалб қиламиз, - деди Фарруҳ Тошпўлатов. Умуман эса, МИБ расмий вакилига кўра, МИБ ходимлари қонун билан ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон Бош прокуртураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси 2017 йилнинг май ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан тузилган эди. Фармон билан энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга Мажбурий ижро бюроси масъул этилган.

XS
SM
MD
LG