Ссылки доступа

Тошкентда бошига 9-қаватдан бетон парчаси тушган сергелилик аёл оламдан ўтди


Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги кўп қаватли уйнинг 9- қаватидан бошига сувоқ-бетон парчаси тушиб, жароҳатлангани боис оғир аҳволда касалхонада ётган 55 яшар Дилбар Юнусова 10 август куни оламдан ўтди.

Яқинларига кўра, 5 август куни касалхонага ётқизилган Дилбар Юнусова олти кун давомида комада ётган ва ўзига келмасдан оламдан ўтган.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг жонлантириш бўлимида олти кун давомида кома ҳолатида ётган сергелилик 55 яшар Дилбар Юнусова 10 август, жума куни тунда оламдан ўтган ва марҳума жасади 11 август куни дафн қилинган.

Бу ҳақда Озодликка марҳуманинг яқинларидан бири маълум қилди.

– Операция қилиниб, томоғидан зонт қўйилди. Операция оддий бўлди, аммо организми кўтара олмади. Жума куни кечаси соат 20ларда операцияни кўтара олмасдан оламдан ўтдилар. Шанба куни соат жанозаси бўлди. "Тешик қопқоқ" қабристонига дафн этилди, дея Дилбар Юнусованинг яқинларидан бири дафн маросимидан олинган суратларни ҳам таҳририятга йўллади.

Похороны Дильбар Юнусовой. Ташкент, 11 августа 2018 года.
Похороны Дильбар Юнусовой. Ташкент, 11 августа 2018 года.

1963 йилда туғилган Дилбар Юнусова 5 август, якшанба куни, тушдан кейин Тошкентнинг Сергели туманидаги 9 қаватли 26-уй ёнида жароҳатланган эди.

Марҳуманинг катта қизи Наргизага кўра, ўша куни Дилбар Юнусова 6 яшар невараси билан кетаётган пайти шу воқеа содир бўлган.

Дилбар Юнусованинг қўшнилари воқеа тўғрисида хабар қиларкан, ўз хатида айбни уйни таъмирлаган қурувчиларга тўнкади.

– Бу уй яқинда капитал таъмирдан чиққан эди. Фасадни пардозлаш ишлари якунланган. Аммо-лекин усталар ишини яхши бажармаган, виждонан ишламаган, деб ёзди қўшнилар.

Кусок бетона упал на голову 55-летней Дильбар Юнусовой с 9-го этажа жилого дома.
Кусок бетона упал на голову 55-летней Дильбар Юнусовой с 9-го этажа жилого дома.

Улар, айни пайтда, айбни квартираларига кондицонер ўрнатиш учун перфоратор ишлатаётганларга ҳам тўнкамоқда.

7 август куни Сергелидаги воқеани ўрганиш жараёнида Озодлик Истеъмолчилар жамиятининг шу тумандаги бўлими вакили Шоҳруҳ Эшонхўжаев билан боғланганида, у агар Дилбар Юнусова билан боғлиқ воқеада уларга мурожаат қилинса, қонун доирасида ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.

12 август куни Дилбар Юнусова яқинларидан олинган маълумотга кўра, ушбу воқеа бўйича ҳали бирор жойга шикоят ёки ариза берилмаган.

XS
SM
MD
LG