Ссылки доступа

Қирғизистон Барак эксклавини чегара участкаси эвазига Ўзбекистонга бериши мумкин


Бишкек ва Тошкент Қирғизистоннинг Барак эксклавини икки мамлакат чегарасидаги худди шу ҳудудга тенг участка эвазига алмаштириш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Бу ҳақда 14 август куни «Азаттиқ» (“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати)га ҳукумат матбуот хизмати ва ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги доимий вакили Байиш Юсупов маълум қилди.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, 7 август куни Фарғонада ўзбек-қирғиз давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияларнинг ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Муҳокама қилинган мавзулардан бири - Қирғизистоннинг Барак эксклавини икки мамлакат чегарасидаги худди шу ҳудудга тенг участкага айирбошлаш масаласи кўриб чиқилди.

Ўш вилоят раҳбарининг ўринбосари Байиш Юсуповнинг айтишича, бу масала муҳокама қилиш босқичида турибди.

Барак эксклавининг ҳудуди 230 гектарни ташкил қилиб, қишлоқда Қирғизистоннинг 75 га яқин фуқароси истиқомат қилади. Маҳаллий аҳоли узоқ йиллардан бери чегарадан ўтишда қийналиб келмоқда, қирғиз томони эса участкага инсонпарвар ёрдам юбориб туради.

2017 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон 1378 километрлик чегаранинг 1 170 километри бўйича келишувга эришди. Қолган 208 километри бўйича, аввал хабар қилинганидек, 2017 йил сўнггига қадар келишувга эришилиши керак эди, бироқ делимитация ва демаркация ишлари ҳозирча тугалланмади.

7 август куни Ўзбекистон ТИВ баёнот бериб, Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Шоҳимардон ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Газнов участкалари белгиланганини маълум қилди. Шоҳимардон Қирғизистон ҳудудидаги иккита ўзбек анклавидан биридир.

XS
SM
MD
LG