Ссылки доступа

Лос Анжелес суди ўзбекистонлик қочқинга яна 20 йил қамоқ жазоси тайинлади


АҚШ маҳкамаси томонидан исломий террорчиларга молиявий ëрдам берганликда айбланиб¸ 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбекистонлик қочқин Фазлиддин Қурбоновга яна қўшимча 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Лос Анжелес суди 14 август куни Қурбоновни Калифорниядаги қамоқхона нозирини ўлдиришга уринишда айбдор деб топди. Прокурорга кўра¸ Қурбонов Калифорния штатининг Викторвиллдаги қамоқхонаси қўриқчиси Кельвин Жонсонни ўлдириш мақсадида пичоқ тайëрлагани ва уни бўғизлаганига иқрор бўлган.

Прокуратуранинг билдиришича¸ жараëн давомида судланувчи Америкага нисбатан фавқулодда душманлик руҳини намойиш қилган. Қурбонов судда офицерни ўлдиришга уринганлик учун афсус қилмаслиги ва ҳеч кимдан кечирим сўрамаслигини таъкидлаган.

Ҳужумдан сўнг, қамоқхона назоратчиси Кеьлвин Жонсон жиддий жароҳат олган. Қамоқхона ходимларининг касаба уюшмаси айтишича, ушбу ходимдан ташқари, Қурбонов яна икки нафар ходимга жароҳат етказган.

2013 йили АҚШнинг Айдаҳо штатининг Бойси шаҳрида қамоққа олинган Қурбонов¸ “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га молиявий ëрдам берганликда айбланиб¸ 25 йиллик қамоққа ҳукм этилган эди. Расмий маълумотларга кўра, Қурбонов 2013 йилда ҳибсга олинишидан олдин, АҚШ ҳудудида ҳарбий ёки фуқаролар томонидан ҳужум қилиш мақсадида бомба ясаш учун ашёлар сотиб олган.

XS
SM
MD
LG