Ссылки доступа

Нидерландияда пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳажв қилинадиган танлов бекор қилинди


Герт Вилдерс
Герт Вилдерс

Ўнг Озодлик Партияси етакчиси, Нидерландия парламенти депутати Герт Вилдерс таҳдидлар туфайли аввал ўзлари томонидан эълон қилинган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳажв қилинадиган танловни бекор қилди.

"Ислом фатво, зўравонлик ва ўлим таҳдиди билан яна ўзининг асл қиёфасини кўрсатди. Бироқ фуқароларимизнинг хавфсизлиги мен учун биринчи ўринда туради", - дея ёзди Вилдерс твиттерда.

Танлов ноябрь ойида Озодлик Партиясининг идорасида ўтказилиши, ғолиб эса 10 минг доллар олиши режалаштирилган эди. Нидерландия расмийлари сўз эркинлигини айтиб танловни тақиқлашмади.

Вилдерснинг режаси Покистонда норозиликларни келтириб чиқарди, намойишчилар танлов бекор қилинишини ёки Нидерландия элчиси Карачидан чиқариб юборилишини талаб қилдилар. Ҳаагада 28 август куни Вилдерс шаънига фейсбукда пўписа қилган покистонлик ушланди. Нидерландия ташқи ишлар вазирлигининг вакиллари Покистонга режалаштирилган сафарларидан воз кечишди.

Вилдерс исломга қарши баёнотлари туфайли мунтазам равишда таҳдидлар олиб туради. Ўтган йилнинг март ойида сайловолди кампанияси мобайнида у бош вазир курсисини эгаллайдиган бўлса, мусулмон-мигрантлар учун чегараларни беркитишини, Қуръон сотилиши тақиқланишини ва масжидлар беркитилишини ваъда қилган эди. Нидерландия аҳолисининг тахминан 5 фоизини мусулмонлар ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG