Ссылки доступа

Тожикистонда Россиянинг учта тўлов тизими лицензияси муддати узайтирилди


Тожикистон миллий банки Россиянинг пул ўтказмалари билан шуғулланадиган учта молия муассасаси лицензияси муддатини узайтирди.

“Платежный центр” МЧЖ, “Кивибанк” АТ ва “Юнистрим” тижорат банки Тожикистонда яқин уч йил ичида пул ўтказмалари, тўлов карталари ва бошқа банк тўлов операциялари хизматларини кўрсатиш бўйича рухсат олди. Лицензия Россиянинг “Золотая корона”, CONTACT ва “Юнистрим” операторлари ўз фаолиятини амалга оширишлари учун берилди, дея таъкидлади Тожикистон Республикаси миллий банки.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Тожикистоннинг кўплаб тижорат банклари “Юнистрим”(Unistream) пул ўтказмалари тизимидан воз кечганди. “Юнистрим” вакили Анна Шеглованинг хабар беришича, “Эсхат” ва “Агроинвестбанк” биринчилардан бўлиб мазкур тўлов тизими орқали пул ўтказмаларини юборишдан бош тортган.

“Кейинчалик Тожикистоннинг бошқа тижорат банклари ҳам уларга эргашишди. Биз бу нима сабабдан қилинганини билмаймиз”, - деди у.

Тожикистон миллий банкидан маълум қилинишича, бош мувофиқлаштирувчи (регулятор) мазкур пул ўтказмалари тизими ўз фаолиятини амалга ошириши учун ҳеч қандай тўсиқ яратмаган.

Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, тожик банкларида “Юнистрим” тизимидан фойдаланиш бўйича муаммолар Миллий банк томонидан қўйилган янги талаблардан сўнг вужудга келган. Сабаби шу орқали маҳаллий банкларнинг Россиянинг пул ўтказмалари бўйича тизимлари билан ишлаш тартиби янада кучайтирилган. Тожикистон миллий банки қоидаларнинг қатъийлаштирилишини мамлакат банк тизими хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳламоқда. Бироқ пул ўтказиш пунктларининг айрим ходимлари томонидан айтилишича, миллий мувофиқлаштирувчи талабларини бажариш деярли имконсиз ва бу Тожикистонга пул ўтказмалари учун ундириладиган комиссион тўлов нархи ошишига олиб келади. Бу эса меҳнат муҳожирлари елкасига яна оғир юк бўлиб тушади.

XS
SM
MD
LG