Ссылки доступа

Термизда ҳоким иштирокидаги сайёр йиғинда “фоҳиша”нинг онаси сазойи қилинди


Сурхондарёнинг Термиз шаҳри марказидаги Хотира боғида 10 сентябрь куни “аҳлоқий жиноятлар”га қарши ҳокимлик уюштирган сайёр йиғинда "фоҳиша" деб кўрилган 18 ёшли қизнинг онаси ва қариндошлари сазойи қилинди.

Термизнинг Хотира боғида ўтказилган йиғинда қатнашган маҳалла фаолларидан бири шаҳар ҳокими фоҳишалик сўнгги бир йил ичида уч карра ошганини таъкидлай туриб, кекса ёшдаги аёл ва икки қариндошини уларнинг “бизни халқнинг олдида уялтирманг”, деган илтижосига қарамай, ўртага чиқариб, тикка турғизиб қўйганини айтди.

​– Шаҳар ҳокими, милиция бошлиғи, прокурори бир гуруҳ аёлларни ўртага чиқариб қўйиб, “сизларни халқ олдида муҳокама қиламиз”, деди. “Бизни шарманда қилманг”, деган гапларига ҳоким “жим туринглар, гапимни бўлишга ҳаққингиз йўқ”, дея жавоб қилди. Билсак, бу аёллар фоҳиша экани айтилаётган 18 ёшли қизнинг онаси ва холалари экан.

Термизликлар шаҳар маъмуриятининг ҳаракатларидан ғазабланди. "Биринчидан 18 ёшли қиз учун онаси айбдор эмас. Иккинчидан, бу қизни айби ҳали исботланган ҳам эмас. Термизда фоҳишалик кўпайган бўлса ишсизлик, иқтисодий тушкунлик сабаб бўляпти. Ҳокимлик аёлларни ўртага чиқариб муҳокама қилганидан кўра ишсизлик муаммосига эътибор қаратса бўлармиди, - деди термизликлардан бири.

Шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати вазиятни ўрганиб изоҳ беришга ваъда қилган, лекин ҳалигача изоҳ бергани йўқ. Термиз шаҳар халқ таълими бўлими мудири Малоҳат Холлиева шаҳар ҳокимлиги ўтказган фоҳишаликка қарши йиғинда муҳокама қилинган қиз шериклари билан ҳамшираларни калтаклаганликда ҳам гумонланиб айбланаётганини айтди.

– Булар бешта аёл ичиб олган бўлишган, медсестрани урган, дейишди. Ҳокимимиз жуда маданиятли, жуда юраги ёнадиган инсон-да. Ҳақиқатан ҳам шаҳарда йўлдан чиққан аёллар сони кўпаймоқда. У киши шунга безовта бўлдилар холос. Шу аёлларни мисол қилиб келтирди холос. Лекин, йиғинда кимнидир сазойи қилиш ёки халқни олдида шарманда қилиш деган нарса бўлмади, деди Холлиева.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлигининг сайёр йиғинида муҳокама қилинган 18 ёшли аёл ва у билан бирга яна тўрт аёл устидан шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг ҳамширасини калтаклаганлик бўйича маъмурий иш очилган. Бу маълумотни Термиз шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳам тасдиқлади. "Бу аёллар тунги клубда ичиб, мазаси қочиб қолганда касалхонага олиб келинган. Ўша ерда медсестрани калтаклашган. Бу бўйича маъмурий иши очилган, лекин ҳали суд ҳукм чиқаргани йўқ", - деди Термиз шаҳар ИИБсининг навбатчиси.

XS
SM
MD
LG