Ссылки доступа

Оғахон фонди тожик-қирғиз чегарасидаги водопровод линиясини молиялаштиришни тўхтатди


Оғахон фондининг Тожикистон шимолидаги ваколатхонаси тожик-қирғиз чегарасидаги “Тожикон” посёлкаси аҳолиси учун водопровод линияси ўтказиш бўйича лойиҳани маблағ билан таъминлашни тўхтатди.

12 сентябрь куни Боткен аҳолиси Ворух қишлоқ кенгашининг “Тожикон” посёлкаси аҳолиси учун водопровод линияси ўтказилишига тўсқнлик қилганидан сўнг, Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиқди.

«Биз лойиҳани молиялаштиришни рад этганимиз йўқ, биз уни фақат қирғиз томони билан баҳс якунлангунича тўхтатиб турибмиз», - деди Тожикистондаги Оғахон фондидаги манба. Унинг сўзларига қараганда, Қирғизистон фуқаролари ҳам бу водопровод линиясидан фойдаланишлари мумкин. «Лойиҳа мана икки ойдан бери амалга оширилмоқда. Шу вақтгача муаммолар йўқ эди. Ҳатто қурилиш техникаси Қирғизистон ҳудуди орқали Ворухгача етиб келди», - деди манба.

Оғахон фонди “Барқарорликни яхшилаш” лойиҳаси доирасида водопровод линияси ўтказаяпти, бу лойиҳа Тожикистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам амалга оширилаяпти. «Лойиҳаснинг мақсади – иккала мамлакатнинг чегарабўйи туманларидаги аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашдан иборат», - деб таъкидлади манба. У водопровод линиясининг лойиҳаси учун 500 минг сомони ($53 минг атрофида) ажратилганини қўшимча қилди.

13 сентябрь куни “Тожикон” маҳалласининг раиси Ғофуржон Жўраев аҳоли водопровод линияси ўтказишдаги ҳашарда қатнашгани, лекин қирғизлар тракторда келиб, ишлашга тўсқинлик қилганини айтди. «Улар биз бу ишни қилишга ҳаққимиз йўқлигини айтиб, норозилик билдиришди, қичқиришди. Маҳаллий аҳолида на ичимлик суви, на экинларни суғориш учун сув бор. Биз тергов натижаларини кутаяпмиз. Жанжалда ҳеч ким жабрланмади», - деди у.

ҚР Давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими Тожикистон фуқаролари томонидан водопровод трубалари қўйилаётгани жанжалга сабаб бўлганини баён қилди «Қишлоқ ҳудуди давлат чегарасининг белгилаб олинмаган участкаларига тегишли эканлиги сабабли, ҳар қандай хўжалик ишларини амалга ошириш тақиқланган. Лекин Тожикистон фуқаролари тақиқни инкор қилишди, бу эса Қирғизистон фуқаролари, яъни Боткен тумани Бақай қишлоғи аҳолисининг ғазабини келтириб чиқарди. Қирғизистон фуқароларининг ишни тўхтатиш тўғрисидаги талаби кичик даҳанаки жанжалга айланди. Низо бошланганидан ярим соат ўтиб, бартараф этилди», - дейилади хабарда.

Иккала давлат чегарасининг Исфара-Боткен ҳудуди кўп йиллардан буён маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасидаги вақти-вақти билан бўлиб турадиган тўқнашувлар ҳудуди бўлиб келмоқда. Кўплаб ҳудудлар делимитация ва демаркация ўтказилмаган баҳсли ҳудудлигича қолмоқда. Маҳаллий минтақа ичимлик суви ва суғориш учун сув етишмаслигидан жабр кўраяпти, бу сувлардан фойдаланиш уун ҳам низолар бўлиб туради.

XS
SM
MD
LG