Ссылки доступа

Душанбеда 300 киши лифтсиз, чиқинди чиқариб юбориш қувурисиз ва “уй китоби”сиз уйларда яшамоқда (видео)


Тожикистон пойтахтининг Раҳимий кўчасидаги учта қуриб битказилмаган баланд уйларда яшовчи 300 дан ортиқ киши мана бир неча йилдан бери қурилиш ишлари тугалланишини кутиб яшамоқда. Қурилиш компаниясининг раҳбари “фирибгарлик” учун 16 йилга маҳкум этилганидан кейин қурилиш тўхтаб қолган эди.

Уйларда яшовчиларнинг сўзларига қараганда, бу ўн қаватли уйлардаги ҳамма хонадонлар сотилиб бўлган. «Мен шу уйдан хонадонни сотиб олганимда, менга қурилиш ишлари ва пардоз бериш икки-уч ойдан кейин тугалланади, деб айтишганди. Аммо кейин қурувчи компаниянинг раҳбари қамоққа тушди. Айтишларича, у ўз ваколатларини қайсидир қариндошига берган ва унга қурилишни якунлаш мажбуриятини ўтказган. Лекин биз бу қариндош-ишонч билдирилган шахсни бирор марта ҳам учратганимиз йўқ»,- дейди шу уйларда яшовчилардан бири Шаҳзод Тоиров.

Бу уйларда яшовчиларнинг қўлида мулкка эгалик қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар йўқ. «Уй китоби йўқ, БТИ томонидан бериладиган уйнинг техник паспорти йўқ – уй ҳали ҳам давлат қабулидан ўтмаган. Бунақа кўринишда уни қабул қилишлари ҳам даргумон», - аччиқланади суҳбатдошимиз.

Шу уйларда яшовчилар қуриб битирилмаган баланд қаватли уйдаяшаш хавфли эканлигини тан олишади. Лекин улар бу лифтсиз ва чиқиндиларни чиқариб ташлаш қувурисиз, “битмас қурилишлар”да яшашга мажбур – уларнинг бошқа яшаш жойи йўқ. "Лифтларнинг шахталари тўсиб қўйилмаган, шу боис ҳар куни эрталаб болаларни болалар боғчаси ёки мактабга жўнатиш учун улар билан бирга пастга тушамиз. Дарслардан сўнг болаларни ҳовлида кутиб оламиз», - дейди шу уйда яшовчи Лола Пулодова.

Маълум бўлишича, қурилиш компаниясининг бу уйларда яшовчилар билан олди-сотди шартномаси тузган раҳбари Карим Маҳмадшоев фирибгарлиги учун 16 йилга қамалган. Уни айни бир хонадонни бир неча эгаларига сотганликда айблашди.

Баланд бинолар қурилган ер участкасининг эгаси Фаррух Ашуров, яшовчилардан яшириниб юрган, қурилиш компаниясининг ишонч билдирилган шахси номидан баъзи яшовчилар хонадонлар учун тўланиши керак бўлган сумманинг ҳаммасини тўламаганлигини, шунинг учун қурилишни якунлашнинг иложи бўлмай қолганлигини айтди.

Душанбенинг Бош режасига кўра, пойтахтдаги ҳамма икки ва уч қаватли уйлар, кейинроқ эса тўрт қаватли уйлар ҳам бузилади, уларнинг ўрнида 25 қаватгача бўлган қўпқаватли уйлар қурилади. Ҳукумат вакиллари шу тариқа аҳолининг уй-жойга эга бўлиши таъминланишин таъкидламоқда. Бу масала аллақачон мамлакатнинг катта ижтимоий муаммосига айланиб бўлган.

XS
SM
MD
LG