Ссылки доступа

Шифокорлар Олмаотада саратонга чалинганлар учун дори-дармон етмаслиги сабабини айтишди


Мутахассислар томонидан Олмаотада саратонга чалинганлар учун дори воситалари танқислиги ҳақидаги хабар кўкрак сути бези саратони билан касалланиш сони ўсиши билан изоҳланди. Бундан олдин Олмаота онкология маркази беморлари саратон билан оғриётганларга дори-дармонлар етмаётганидан шикоят қилишганди.

13 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари ва онкология маркази бош шифокори кўкрак сути бези саратонини даволашда фойдаланиладиган “Герцептин” препарати таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилаётганини маълум қилишди.

Олмаота онкология маркази бош шифокори Нурсултан Измагамбетовнинг сўзларига кўра, қўшимча молиялаштириш билан боғлиқ масала ҳал этилмоқда ва шу пайтнинг ўзида марказ бошқа ҳудудлардан шундай препаратни қарзга сўраган. Унинг айтишича, дори воситалари яқин вақт ичида келтирилади.

Мамлакат миқёсида тиббиёт препаратлари ва асбоб-ускуналарини етказиб бериш билан шуғулланувчи “СК-Фармация” компанияси вакили Наталья Зеленская матбуот анжуманида бугунги кунда юқорида номи келтирилган дори республикага келтирилгани, у 20 сентябрдан кечиктирилмай жўнатилишини қайд этиб ўтди.

Шифокорларнинг маълумотларига қараганда, Олмаотада бугунги кунда ҳар бир шишачасининг нархи қарийб 300 минг тенге(қарийб 800 доллар) турадиган “Герцептин” дорисининг 290 та флаконини сотиб олишга эҳтиёж бор.

Расмий маълумотларга кўра, Олмаотада кўкрак сути бези саратони ташхиси қўйилган аёллар сони 5426 нафарни ташкил этади. Ўтган йилнинг саккиз ойи билан солиштирилса, бу кўрсаткич беш фоиз кўпайган. Шифокорларнинг тушунтириш беришича, бундай ўсиш кўплаб беморларнинг мамлакатнинг бошқа туманларидан келаётгани билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG