Ссылки доступа

Рауф Парфининг Навоий кутубхонасида ўтказилиши режаланган юбилейи тақиқланди


Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи туғилган куннинг 75 йиллигига бағишлаб 25 сентябрга режаланган “Туркий дунёнинг ғолиб хаёли” деб номланган тадбирни ўтказиш тақиқлаб қўйилди.

Бунинг ортидан facebook ижтимоий тармоғида шоирнинг мухлислари #parfimaniya хештеги остида акция бошлади.

Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишича¸ ўтказилиши кутилаётган кеча давомида Рауф Парфи шеърлари, унинг ижоди тўғрисида маърузалар ўқилиши, Шоир шеърлари асосида тайёрланган саҳна кўринишини намойиш қилиш режаланган эди. Тадбирда камида 150 киши қатнашиши кутилаётган эди.

Ўзини "Миллий кутубхона матбуот хизмати ходими", деб таништирган мулозимга кўра¸ “Бу тадбир юқорининг буйруғига кўра бекор қилинган”. "Зудлик билан бекор қилиб ўрнига бошқа тадбир қўйинглар", деган оғзаки буйруқ бўлди¸ деди Миллий кутубхона матбуот хизмати вакили. Мулозим тадбирни тақиқлаш буйруғи айнан кимдан келганини аниқ айтмай “тепадан келди” дейиш билан кифояланди.

Рауф Парфининг қизи¸ адвокат Муножот Парпиева бу тадбирнинг нега бекор қилингани борасида Президент маъмуриятига мурожаат қилгани, аммо ҳануз жавоб ола олмаганини айтди.

- Бош вазир режасига киритилган тадбир¸ раҳматли отамнинг 75 йиллик юбилейи 18 сентябрь куни тақиқлаб қўйилибди. Менга ва ташкилотчиларга "тақиқланди", деб айтишди. Ким¸ нега деган саволга жавоб беришмади. Отамни тириклигида хор қилган мулозимлар уни ўлганидан кейин ҳам таъқиб қилмоқда. Бундан 5 йил олдин айни кутубхонада 70 йиллик юбилейини нишонламоқчи бўлганимизда ҳам охирги минутда тадбирни бекор қилишган эди", деди Муножот.

Муножот Парпиевга кўра ¸ агар Рауф Парф тирик бўлганда “бу тақиқ устидан мийиғида кулган бўлар эди.”

Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаеванинг билдиришича, «юбилей тадбири бошқа кунга кўчирилган». "Рауф Парфининг туғилган кунига аталиб 27 сентябрь куни тадбир бўлиши кутилган эди, аммо қолдирилди. Чунки шоирнинг катта китоби нашр этиляпти экан, шунинг учун вақти бир оз муддатга сурилар экан, катта тадбир китоб презентацияси билан бирга бўлар экан", деди у.

Тадбирнинг бекор қилиниши ортидан Facebook ижтимоий тармоғида шоирнинг мухлислари #parfimaniya хештеги остида акция бошлади.

Туркий дунёнинг атоқли ижодкори дея эътироф қилинган Рауф Парфи 2005 йили Тошкентда вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG