Ссылки доступа

Себзорда уйлар шошилинч бузилмоқда, ўрнида Ҳиндистон элчихонаси қурилади (видео)


Тошкентнинг Себзор даҳасидаги эски маҳаллаларда 29 сентябрь оқшомида, кутилмаганда, аҳоли уйлари бузила бошлади. Тошкент шаҳар ҳокимияти хонадон эгалари бузилишлардан бир неча ой аввал огоҳлантирилгани, уларга Юнусобод туманидаги иккита янги кўп-қаватли уйдан квартира берилишини айтмоқда.

29 сентябрь куни оқшом соат 22 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасидаги "Жанггоҳ" маҳалласида аҳоли уйлари бузила бошлади. Воқеа жойига борган Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев, маҳаллий матбуотга, бу ерда 79 та ҳовли бузилиши, уларнинг ўрнида Ҳиндистон, Хитой ва Тожикистон элчихоналари қурилишини билдирди.

30 сентябрь куни в​оқеа жойига борган Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича, бузилиши керак бўлган 80га яқин уйининг қарийб ҳаммаси бир кечада бузиб бўлинган. "Бузилиши керак бўлган 10 тача уй қолган. Оилалар юкларини ташияпти", деб хабар қилди мобил мухбир.

Маълум бўлишича, уйи бузилаётган аҳолига шаҳарнинг бошқа қисмида қурилган ва ҳануз қурилаётган янги кўпқаватли уйлардан квартиралар таклиф қилинмоқда.

– Янги уйлари битгунича эса ижарада яшаб туриши учун бир йилга 11 миллион 300 минг сўмдан ижара пули ҳам таклиф қилинган, деб хабар қилди мобил мухбир.

29 сентябрь оқшомида воқеа жойига экскаваторлар билан бирга кириб борган Ортиқхўжаев аҳоли шу йил март ойида огоҳлантирилгани, аммо бузилишларни шанба оқшомида бирдан бошлашга мажбур бўлишганини тан олган. "Ҳа, биз одамлардан зудлик билан кўчишларини сўрашга мажбур бўлдик. Улар икки кун қийналадилар. Кейин хотиржам яшайверадилар. Биз одамлар эҳтиёжини максимал даражада қондиришга ҳаракат қиляпмиз, квартираларни қарзга оляпмиз. Уларнинг пулини қандай тўлаймиз, билмайман. Мардлик намунасини кўрсатган тадбиркорларимизга раҳмат. Биз вазиятни тушуняпмиз ва ёрдам бермоқчимиз", дея иқтибос келтирди ҳокимдан Gazeta.uz нашри.

Расмий маълумотга кўра, аҳолига жами Юнусобод туманидаги "Мегаполис" турар-жой мажмуаси ва Golden House уйларидан жами 251 та квартира ажратилиши ҳақида кафолат хати берилган.

XS
SM
MD
LG