Ссылки доступа

Маданият вазирлиги томонидан тавсия этилган қирғизистонликлар Сеулда қолиб, ватанига қайтиб келмади


Давлат органлари томонидан Корея Республикасига бориш имконияти тақдим этилаётган ҚР фуқаролари мазкур ваколатни суиистеъмол қилмоқда. Бу ҳақида Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси хабар берди.

Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, 2018 йилнинг июнь ойида Сеулда Корея импортчилари ассоциацияси(КОИМА) томонидан ҳар йили уюштириладиган Import Goods Fair кўргазмасининг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Шу каби анжуманларда корейс импортчилари, компаниялари, чакана савдо харидорлари Корея бозорига чиқиш истагида бўлган хориж фирмалари вакиллари билан учрашишади. Хусусан, унда Қирғизистондан маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи қатор компаниялар, жумладан, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги томонидан тавсия этилган “ҚР курортлари ассоциацияси” вакиллари ҳам иштирок этди. ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу давлат Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги маълумотига асосланиб маълум қилишича, Мирлан Усубалиев раҳбарлигидаги Элгиз Рисалиев ва Бекжан Мирбеков мазкур кўргазмада “ҚР курортлари ассоциацияси”ни тақдим этишлари керак эди.

Шу муносабат билан ҚРнинг Корея Республикасидаги элчихонаси юқорида санаб ўтилган фуқароларни виза бериш масаласида қўллаб-қувватлади. Бироқ Рисалиев ва Мирбеков Кореяга борганларидан сўнг, ўз юртига қайтиб келмай, Жанубий Кореянинг миграция қонунчилиги қоидаларини бузишган. “Улар томонидан бундай ҳаракатларга қўл урилиши корейс расмийлари томонидан ҚРнинг давлат органларига нисбатан ишончсизлик уйғотади”, -деб қайд этиб ўтади элчихона.
ҚРнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан таъкидланишича, бу давлат хизматчисининг Кореяга келиб “давлат имиджига путур етказган ҳолда” қонунларни бузиш бўйича кузатилаётган биринчи ҳолат эмас.

Юқоридаги кўнгилсиз ҳолатга эътибор қаратар экан, элчихона давлат органларини ҚР хорижда ташкил этиладиган халқаро тадбирларда Қирғизистон номидан қатнашадиган номзодларни янада синчковлик билан танлашга чақирди.

24 сентябрь куни Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Қиличбек Султон Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, ТИВдаги қонунбузилишлар ҳақида маълум қилганди. Шундан сўнг президент Сооронбай Жээнбеков Хавфсизлик кенгашига элчи томонидан эълон қилинган маълумотлар ҳамда ТИВнинг хизмат этикасини бузгани учун ушбу дипломатнинг истеъфоси тавсия этилган хулосаси фактларини “ҳар томонлама кўриб чиқиш ва ҳал этиш” бўйича топшириқ берганди.

XS
SM
MD
LG