Ссылки доступа

Тожикистонда Россия рубли олиш айби билан машина сотувчиси қўлга олинди


Сўғд вилоятининг Ашт туманида истиқомат қилувчи Жумабой Тўҳтаев баёнот бериб, милиция ходимлари ўзини савдога қўйилган автомашинасини сотаётганида қўлга олганини ва қонунга зид равишда хорижий валютада савдо қилишда айблашаётганини маълум қилди.

Бироқ бу ишни тергов қилаётган туман прокуратураси, унинг эътирози ўринсиз эканлигини, машина сотувчи харидор қўлидан Россия рубли олаётганида қонун доирасида ушлангани ҳақида маълум қилди.

Жумабой Тўҳтаев тергов тугагунга қадар чиқиб кетмаслик борасида тилхат ёзгани боис айни дамда уйида. Беш йил муқаддам у рафиқаси ва 3 нафар фарзанди билан Бобожон Ғофуров туманидан Ашт туманинг Понгаз қишлоғига доимий яшаш учун кўчиб келган ва бу ерда новвойхона очган эди.

Унинг 2 октябрь куни айтишича, ўзида новвойхона учун ун ташийдиган эски BMW 5 русумидаги автомобили бор эди. «Мен машинани сотиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эдим. Кутилмаганда харидор пайдо бўлди, яхши нарх таклиф қилди ва мен автомобилни сотишга қарор қилдим», -дейди суҳбатдош. Унинг сўзларига қараганда, харидор 27 минг сомони таклиф қилди. «Менинг 1997 йилда ишлаб чиқарилган эски автомобилим 20 минг сомонига ҳам бормасди. Мен ўйланиб қолдим, бироқ харидор кўндирганидан сўнг мен рози бўлдим. Пулларни менга туман марказидамашина ичида беришди. Мен боғламда 5-сомоний купюралари деб ўйладим. Олдим ва ҳамёнимга солиб қўйдим ва шу вақтда бир неча милиция ходимлари мени ушлашди», - дейди Жумабой Тўҳтаев.

Тўҳтаевлар оиласи бу ишда адолат қарор топишини сўраб Сўғд вилояти прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилди. Сўғд вилоят прокуратурасининг терговчиси Масъуд Нодирзода Жумабой Тўҳтаевга нисбатан очилган жиноий ишни олиб бормоқда. Унинг айтишича, айбланувчининг шикояти ўринсиздир.

«Нима учун у Тожикистон ҳудудларида бўлиб турар экан машинани хорижий валютада сотди? Уни ҳеч ким Россия рублини олишга мажбурламади. Харидор унга машина учун катта пул таклиф қилди ва у рози бўлган. Мен Жумабой Тўҳтаевнинг ўрнида бўлганимда харидорга мамлакат ҳудудларида хорижий валютада олди-сотди қилиш тақиқланганлигини айтган бўлардим. Бироқ у Россия рублини санаб олди ва чўнтагига солиб қўйди», - дейди терговчи.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам машина савдоси атрофида оператив ходимлар кузатиб юрган ва Тўҳтаевни ҳибсга олиш амалиётига ҳуқуқ тартибот идораларининг ходимлари жалб қилинган. 2016 йилда Тожикистонда хорижий валютада олди-сотди қилганларга нисбатан кўриладиган чоралар кучайтирилди. Шундан бери айни шу айб бўйича ўнлаб кишилар панжара ортига жўнатилди ва катта миқдорда жаримага тортилди. Бу модда бўйича энг максимал жазо чораси – 9 йил қамоқ жазоси берилади.

XS
SM
MD
LG