Ссылки доступа

Қозоғистонда банкир Татишевнинг ўлдирилиши бўйича Мухтор Аблязов иши судга топширилди


Банкир Ержан Татишевнинг ўлдирилиши бўйича Мухтор Аблязовга нисбатан очилган жиноий иш Жамбул вилояти жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган суд томонидан кўриб чиқилади, дея хабар беради Қозоғистон Бош прокуратураси расмий сайти.

Бош прокуратура хабарига кўра, Мухтар Аблязов «Банк ТуранАлем» устидан назорат ўрнатиш мақсадида банк бошқаруви раиси Ержан Татишевни ўлдириш учун 2004 йилда озодликдан маҳрум этилгандан сўнг $4 миллион эвазига Муратхан Токмадини ёллаганликда айбланмоқда.

«Айбланаётган М.К.Аблязов Қозоғистон Республикасидан ташқарида эканлиги ва келишдан бўйин товлагани сабабли Бош прокуратура ЖПКнинг 304 моддасига таянган ҳолда М.К. Аблязов жиноий ишини судга топширди. М.К.Аблязовнинг келмагани ва унга ҳимоячи тайинлаш мақсадида ЖПКнинг 67 моддасига биноан айбланувчига Олмаота шаҳар адвокатлар ҳайъатидан профессионал адвокат белгиланди», -дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Татишев 2004 йилда ўлдирилган, ўшанда тергов ўлим “овда бахтсиз ҳодиса” оқибатида юз берган, деган хулосага келган эди. Ов вақтида Татишев билан битта автомобилда бўлган тадбиркор Муратхан Токмадини “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш”да айблашди ва бир йил озодликдан маҳрум қилинди. Бироқ 2017 йилда иш қайта кўриб чиқилди, Муратхан Токмади қасдан қотиллик содир этишда айбдор деб топилди, у “ТуранАлем”банки устидан назорат ўрнатмоқчи бўлган Аблязов томонидан бўладиган таҳдидлар сабабли шу қадамни қўйишга мажбур бўлганлигини айтди. Токмади 2018 йил мартида 10 ярим йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мухтар Аблязов бундан аввал ижтимоий тармоқларда бир неча бор Татишевнинг ўлимига мутлоқо алоқаси йўқлигини айтиб келади. У шунингдек, Токмади билан шахсан таниш эмаслигини айтади. Аблязов хорижда 2009 йилдан бери яшайди. Унинг таъкидлашича, ўзига қўйилаётган айблар сиёсийлаштирилган. 2017 йилнингиюнида Қозоғистон суди уни бир қатор айблар бўйича, жумладан “жиноий тўда ташкил қилиш” ва “пулларни ўзлаштириш” бўйича сиртдан 20 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

XS
SM
MD
LG