Ссылки доступа

Туркманистонда ҳарбий хизматдаги аскарлар пахта теримига сафарбар этилган


Туркманистон чегара хизмати ва пиёда қўшинлари аскарлари Дашоғуз вилоятидаги пахта термига оммавий тарзда жалб қилинган. Бу ҳақда шу минтақадаги Озодлик радиоси мухбири хабар беради.

Унинг сўзларига кўра, сув танқислиги туфайли бу йили вилоят ҳудудидаги пахта ҳосили жуда паст.

Дашовуз вилоятидаги пахта терими кампанияси 16 сентябрь куни бошланган.«Чаноғи очилган пахта ижарачиларнинг ўзлари теришига аранг етади, аммо расмийлар ижарачилардан сўраб ўтирмай, ҳарбий хизматчиларни пахта энди-энди очилиб келаётган далаларга олиб кирмоқда», - деб хабар беради Озодлик мухбири.

Унинг яна қайд этишича, бу фермерларнинг даромад манбаига зиён етказади: «[Пахтани ҳарбийлар тераётгани сабабли] ижарачилар пахтанинг ҳар бир килограмми учун 40 тангадан маҳрум бўладилар, ваҳоланки, улар бу пулга ўз умидларини боғлашганди», - дея ҳикоя қилади Озодлик мухбири.

Туркманистонда 1 килограмм пахтага давлат 1 манат ($0,29)дан тўлайди.«Унинг 50 тангаси қишлоқ хўжалиги хихматлари, сув харажатларини қоплашга кетади», - дея сўзлар экан мухбир қолган 50 танганинг 40 тангаси пахта терувчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашга сарфланишини қайд этади.

«Энди эса ижарачилар аскарларга бир килограмм пахта учун 40 тангадан ҳақ тўлашлари, камига уларни боқишлари керак бўлади», - дея қўшимча қилади Озодлик мухбири. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда минглаб ҳарбий хизматчилар пахта теримига сафарбар этилган.

Туркманистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатга қарши курашаётган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 1 октябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи қаршисида даҳшатли амалиётни тўхтатиш талаби билан норозилик акциясини ўтказишди.

XS
SM
MD
LG