Ссылки доступа

Қозоғистон ва Ўзбекистон ягона сайёҳлик визаси жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда


Қозоғистон ва Ўзбекистон хорижий сайёҳларни бир мамлакатдан иккинчисига эркин киришларига имкон берувчи виза жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда, дея хабар берди чоршанба куни кечқурун Қозоғистоннинг давлатга тегишли «Хабар 24» телеканали, ҳар икки мамлакат мансабдорларига таянган ҳолда.

Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлигининг саноат ва спорт қўмитаси томонлар «Ипак йўли» визаси лойиҳасини муҳокама қилаётганликларини тасдиқлашди. Қўмита вакили тафсилотларни олиш мақсадида ёзма расмий хат билан мурожаат қилиш лозимлигини айтди.

«Хабар 24» Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларини келтиради: «Ҳар икки томон бу масалада фаол иш олиб бормоқда. Бу лойиҳага “Ипак йўли”да жойлашган айрим бошқа мамлакатлар ҳам қизиқиш билдирган. Келажакда улар ҳам чегарачиларимиз, хавфсизлик хизматлари ўртасида ўзаро ахборот алмашувни таъминлайдиган ўзларининг қонунчиликлари ва ахборот тизимларини тегишли талабларга мослаштириган ҳолда мазкур келишувга қўшилишларига умид қиламиз». Қозоғистон саноат ва туризм қўмитаси раиси Майнюра Мурзамадиеванинг сўзларига қараганда, унинг сўзларни ОАВ келтиради, муҳокамалар натижалари яқин ойларда эълон қилинади.

Шу кунларда Тошкентда «Ипак йўлида туризм» халқаро туристик ярмарка бўлиб ўтмоқда, унда кўчма ва ички туризм ҳам намойиш этилмоқда. Ярмаркада минтақадаги ўнлаб мамлакатлар, жумладан Қозоғистон, Хитой ва Ҳиндистон иштирок этмоқда.

Шу йилнинг июнь ойида узоқ хориждан сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳақида гапирган парламентнинг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева ягона виза тартибини жорий қилиш масаласини кўтариб чиққан эди. Август ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ОАВи Остона ва Тошкент Silk viza жорий қилиш борасида музокаралар бошлагани ҳақида маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG