Ссылки доступа

Бош прокуратура Гулнора Каримованинг Британиядаги мулкининг Ўзбекистонга қайтарилишини сўрамоқда


Ўзбекистон Бош прокуратураси Буюк Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан коррупцияда айбланган Гулнора Каримованинг активларини қайтариш масаласида музокаралар олиб бораяпти. Бу ҳақида мазкур идора матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг маълумотларига асосланиб ОАВ хабар берди.

Чоршанба куни Буюк Британиянинг фирибгарликка қарши курашиш бўйича бошқармасидан маълум қилинишича, Гулнора Каримова билан боғлиқ бир нечта кўчмас мулк объектларининг мусодара қилиниши мўлжалланмоқда. Суд даъвоси, қатор активлар, жумладан, Буюк Британиядаги учта кўчмас мулк объектига қаратилган. Бошқарманинг тахмин қилишича, мазкур мол-мулк Ўзбекистонда Каримова иштирокида амалга оширилган коррупцион олди-бердилардан келиб тушган даромад эвазига сотиб олинган.

"Айни дамда Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан Гулнора Каримова иши бўйича қонуний кучга кирган суд қарори доирасида активларни қайтаришга доир музокаралар олиб борилмоқда", - деди Раҳмонова. Музокаралар тафсилотлари очиқланмаяпти.

Ўзбекистон прокуратурасининг маълумотларига кўра, суд 2015 йилда Гулнора Каримовани товламачилик, пулларни ноқонуний ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилганди. Кейинчалик назорат идораси Каримовага нисбатан фирибгарлик, хориж валюталарини яшириш, божхона қонунчилигини бузиш ва жиноят йўли билан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича ҳам яна бир жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Тергов-суриштирув натижаларига кўра, Гулнора Каримова шериклари кўмаги билан 12 та хориж давлати ҳудудида умумий қиймати 1,3 миллиард доллардан зиёд, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдоридаги активларни ўзлаштирган. Тасдиқланишича, Швейцария ҳудудида 777,8 миллион доллар ҳажмдаги пул маблағлари мавжуд. Каримовага нисбатан қўзғатилган иккита жиноий иш бўйича давлат ва фуқароларга етказилган зарарнинг умумий миқдори 1,27 триллион сўм, 1,6 миллиард доллар ва 26,1 миллион еврони ташкил этади.

XS
SM
MD
LG