Ссылки доступа

Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларига Макроннинг Мирзиёев билан учрашуви кутилаётган Парижда митинг ўтказишларига рухсат берилди


Париж префектураси “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг 9 октябрь куни пикет ўтказишига рухсат берди.

Хабар қилинишича, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Париждаги Сен-Огюстен майдонида митинг ўтказишади. Ўша куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашуви кутилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, намойишкорона тадбирнинг мақсади президент Мирзиёев билан мулоқотни йўлга қўйишга уриниш, унинг эътиборини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларга қаратиш.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, у ва унинг ҳамкасблари Мирзиёевни қувғиндаги сиёсий диссидент ва журналистларнинг Ўзбекистонга қайтишига рухсат беришга, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг уларни фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги 2014 йилги фармонини бекор қилишга, 1990-2000 йилларда одамларнинг ғойиб бўлиши ҳодисаларини тергов қилишга, Ўзбекистонда ўлим жазоси тўғрисидаги ҳукм бўйича қатл этилганларнинг пок хотирасини тиклашга, яқинда наманганлик депутат Олимжон Тўхтаназаров билан бўлганидек, жиноий ишларни тўқиб чиқариш ва номақбул кишиларни ёмонотлиққа чиқариш ҳолатларини тўҳтатишга чақиришмоқчи.

Мўътабар Тожибоева билан биргаликда ўғли ўлим жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Башорат Эшова ҳам пикетга чиқади. Мана 15 йилдирки, Эшова ўғлининг на тириклиги, на ўлганини билади.

XS
SM
MD
LG