Ссылки доступа

Прокурор ваъдасига ишониб Ўзбекистонга қайтган ака-ука диндорлар 6,5 йилга қамалди


8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, қамалмаслиги ҳақида прокурор ваъдаларига ишониб, Ўзбекистонга қайтгач ҳибсга олинган ака-ука диндорлар – Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовларнинг ҳар бирини 6.5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд 56 яшар Аброл ва 53 яшар Шуҳрат Дўсмуҳаммедовларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244- моддасида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш; диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 223-моддасида (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) айбдор деб топди. Ака-укаларнинг жиноий шериги дея кўрилган 51 яшар Жўрабой Сатиболдиевга эса 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Беш йилдан буён қидирувда бўлган тошкентлик диндор ака-укалар 28 май куни Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда қариндошларига бирров кўрсатилганидан сўнг қўлга олинган эди.

Яқинларидан бирининг айтишича, якуний суд мажлиси шунчалар қисқа давом этганки, улар ҳукмни тинглашга ҳам улгура олмаганлар. "Беш минутдан ўқиб чиқариб юборишди. То биз кириб борамиз дегунимизча, ҳукмни ўқиб чиқариб юборди. Эътирозларимизга ҳам қарамасдан, судья ҳукмни ўқиб, чиқиб кетди. Бўлди. Бошқа ҳеч қанақа гап-сўз бўлмади. Олти ярим йил ака-укаларга, деди, беш йил Жўрабой Сотиболдиевга, деди", - деб айтди судда қатнашган айбланувчилар яқинларидан бири.

​Тергов хулосаларидан маълум бўлишича, "Жиҳодчилар" қуролли гуруҳига аъзолик ва экстремистик адабиётларни сақлашда" айбланган ака-укалар жазоланишдан қўрқиб, 2013 йилнинг февралида Туркияга чиқиб кетган, Жўрабой Сотиболдиев эса, Ўзбекистон ичкарисида яшириниб юришга мажбур бўлган.

Унда шунингдек, ака-укаларнинг Ўзбекистонда "Ваҳобийлик" оқими раҳнамолари сифатида кўриладиган уламолар Абдували Мирзаев ва Обидхон Назаров ваъзларидан руҳлангани" айтилади.

Шуҳрат Дўсмуҳаммедовнинг хотини Махсуда Дўсмуҳаммедова президент Шавкат Мирзиёевнинг чақириқлари ва Тошкент шаҳар прокурорининг эри ва қайниси "Ўзбекистонга қайтиб келса, қамалмайди", деган гапига чиппа-чин ишониб, қайтганини айтади. "Бизнинг ҳаракатларимиз, президентимизнинг қарорлари қаерга кетди? Қўли қонга ботмаган бўлса, ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса, дейилган қарорда. Улар ҳеч бирини қилмаган-ку?! Энди халқ президент қарорига қандай қилиб ишонсин? Президент қарорига қарши шунча иш қилишаяпти пастдагилар", - деди Махсуда Дўсмуҳаммедова.

Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг биридан олинган маълумотга кўра, қидирувда бўлганлиги сабабли ихтиёрий қайтаётган бўлса ҳам, расмий равишда "қидирув натижасида умумий ушланганлар", деб ҳисобланади. "Ушланганларга нисбатан процессуал тартибда жиноий жавобгарликдан озод қилиш ёки қилмаслик масаласи кўрилади," дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларидан бири берган маълумотда.

XS
SM
MD
LG