Ссылки доступа

Украина прокуратураси армия омборида юз берган портлашдан сўнг жиноий иш очди


Чернигов вилоятидаги ўқ-дори омборида юз берган портлаш факти бўйича Украина марказий минтақасидаги ҳарбий прокуратура “ҳарбий хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш” моддаси бўйича жиноий иш очди.

Бу ҳақда идора сайтида хабар берилди. Айбдор беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Чернигов вилоятидаги Ичня аҳоли пунктида жойлашган ҳарбий омборда снарядлар портламоқда. Украина Қуроли Кучлари Бош штаби маълумотларига қараганда, портлашлар оқибатида украин харбийлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари зарар кўрмади.

Хабарда таъкидланишича, портлашлар техник ҳудудда кузатилмоқда, уларнинг қамрови ҳозирча аниқ эмас. Қишлоқ атрофидан 10 мингга яқин киши эвакуация қилинди. Фавқулотда ҳодиса юз берган жойдан 30 километр радиусда темирйўл ва автомобил қатнови тўхтатилди, хаво бўшлиғи беркитилди, дея хабар берди Украина ФВ бўйича давлат хизмати. Маълум қилинишича, омборларда 88 минг тоннагача ўқ-дори сақланади .

Бу Украина армияси омборларидаги биринчи ҳодиса эмас. Ўтган йилнинг сентябр ойида Винницк вилояти Калиновка шаҳридаги йирик қурол-яроғ омборида ёнғин юз берган эди. Украина бош прокурори Юрий Луценко сентябрда баёнот бериб, Калиновка шаҳридаги ҳарбий базада юз берган ФҲнинг тергови якунланиб бораётганини ва “ёнғин хавфсизлигига, қўриқлашга маъсул ўнлаб мансабдор шахслар” жавобгарликка тортилишини айтди. Винницк вилоятида юз берган ҳодисадан ярим йил муқаддам, 2017 йилнингмартида Харьков вилоятининг Балаклеей яқинидаги ҳарбий омборда юз берган ёнғин ва ундан кейинги портлашлар оқибатида қурол-аслаҳаларнинг катта қисми йўқ қилинган эди. Бош ҳарбий прокурор Анатолий Матиос тергов юз берган ҳодиса юзасидан битта версияни илгари сураётганини - Балаклеейдаги армия омборидаги портлашларни Россия махсус хизматлари уюштирганини билдирган эди.

Бу ҳодисалардан сўнг ҳукумат қурол-яроғлар сақланаётган иншоатлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 100 миллион гривна ($3,5 млн атрофида) ажратди .

XS
SM
MD
LG