Ссылки доступа

Туркман талабалари ўқиш учун Тожикистонга қўйилмаяпти


Юзлаб туркман талабалари ўқиш учун Тожикистонга бора олмаяпти – август охирларидан бери Туркманистон чегара хизмати Душанбе ва Тожикистонинг бошқа шаҳарларидаги олий ўқув юртларига кирган талабаларга чегарадан ўтиш учун рухсат бермаяпти.

«Менинг укам бу йил Тожикистон тиббиёт университетига кирди. У уч марта Ўзбекистон ҳудудлари орқали Тожикистонга кетишга ҳаракат қилди, бироқ туркман чегарачилари укам Душанбега боришини билиб қолишганидан сўнг уни ортга қайтаришди. Унинг ҳамма ҳужжатлари жойида, 100 долларга ўзбек визасини олди. Бироқ укамга НЎПда Тожикистондан бошқа ҳар қандай мамлакатга бориши мумкинлигини айтишди», - дейди Туркманистонда яшовчи фуқаро.

Унинг айтишича, Тожикистонда таълим олувчи туркман талабалари учун чегаралар 28 августдан бери берклигича қолмоқда. Туркманистон расмийлари 1 мингга яқин талабага Тожикистонга боришларига рухсат бермаяпти, дея таъкидлайди суҳбатдошимиз. «Айрим талабалар чегарачилардан нима учун Тожикистонга боришлари учун рухсат берилмаётганини сўрашди. Чегарачилар буни президент Бердимуҳамедовдан сўранг, дея жавоб беришди», - дейди суҳбатдош.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган суҳбатдошимиз, укаси мактабни битирганидан сўнг ўқишни давом эттириши учун қийинчиликлар билан пул тўплаганини таъкидлади. "Нима қилишни билмай қолдик... Тез орада чегаралар очилишига умид қиламиз",- дейди у.

Тожикистон тиббиёт университетининг халқаро бўлимида шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ўнлаб туркманистонлик талабалар ўқишга етиб келмаганини тасдиқлашди. «Балки уларда виза билан боғлиқ муаммо пайдо бўлгандир. Сабабини билмаймиз»,- дейди бўлим ходимларидан бири.

Бироқ Тожикистон педуниверситетида туркманистонлик барча талабалар Душанбеда эканлигини ва ўқишни давом эттираётганликларини айтишди. Мазкур олий таълим даргоҳида салкам икки мингга яқин туркманистонлик ўғил ва қизлар асосан шартнома асосида таълим олади. "Тожикистонда таълим нисбатан арзон бўлгани боис туркман ёшлари тожик олий таълим даргоҳларини танламоқда. Кўплаб туркман талабалари инглиз ва рус кафедраларида, шунингдек кимё факультетида таълим олади”,- дейишди мазкур олий таълим даргоҳи ходимлари.

XS
SM
MD
LG