Ссылки доступа

Ҳиндистон Тожикистонга $20 млн беғараз ёрдам беради


Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд 7 октябрь куни Тожикистонга келди. Давлат ташрифи доирасида 8 октябрь куни ҳамкорлик тўғрисида 10 та янги ҳужжат имзоланди.

ТР президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Эмомали Раҳмон ва Шри Рам Натха Ковинд икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида табиий офатларни бошқариш, фазовий технологияларни тинч мақсадларида фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумларни имзолашди. Ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумлар энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муассасалар томонидан ҳам имзоланди.

Эмомали Раҳмоннинг баёнот беришича, Тожикистон тоғ-кон саноати, жумладан, металл ва минераллар, кумуш, сурма, мис, қимматбахо тошларни қайта ишлашда Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Тожик президентининг сўзларига қараганда, мамлакатда 200 дан ортиқ минерал манбалар ва18 та даволаш кўллари, шунингдек 3,5 мингдан ортиқ доривор ўсимликларнинг турлари мавжуд бўлиб, булар «Ҳиндистон билан соғлиқни сақлаш ва соғломлаштириш туризми соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, диагностик ва клиник марказларни ташкил қилиш, фармацевтик корхоналарни ташкил қилиш имконини беради».

Эмомали Раҳмон билан бўлиб ўтган музокаралар якунида Шри Рам Натх Ковинд журналистларга, Ҳиндистон Тожикистонга икки томон ўртасида белгиланган тараққиёт лойиҳалари учун $20 млн. беғараз ёрдам беришини маълум қилди.

Тарқатилган хабарларга кўра Тожикстон президенти Эмомали Раҳмон томонидан Ҳиндистон президенти шарафига уюштирилган қабул маросимида 16 хил тожик миллий таомлари тортилди. Бу ҳақда Ҳиндистон президентининг матбуот котиби Ашок Малик ўзининг Твиттердаги саҳифасида маълум қилди.

Тожик таомларидан қайсиларини Шри Рам Натха Ковинд тотиб кўргани - ҳозирча номаълум. Бундан аввал Ҳиндистон ОАВ президент Ковинд вегетариан таомларини яхши кўриши ҳақида ёзган эди. Айнан шу сабабли ҳам Душанбеда унинг шарафига уюштирилган банкетда кўпроқ сабзавотлардан тайёрланган таомлар ва қизил пиёзли чакка(сузма) тақдим қилинди.

XS
SM
MD
LG