Ссылки доступа

Туркманистон президенти ОАВ ривожига қўшган ҳиссаси учун тақдирланди


4 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани теле-радиоузатишлар уюшмаси (ABU) Бош Ассамблеяси мажлисида минтақада ОАВ ривожига қўшган ҳиссаси учун Гурбангули Бердимуҳамедовга мукофот топширилди.

Туркманистоннинг давлат матбуотининг маълум қилишича, мукофот Бердимуҳамедовнинг Осиё-Тинч океани телерадио узатишлар уюшмаси Бош котиби Джавада Моттаги, ABUнинг амалдаги президенти, Ҳиндистон давлат телеканали бош директори Доордаршан Суприю Саху ва ABU вице-президенти, Япония телерадиоузатишлар корпорацияси (NHK) президенти Риоичи Уэда билан бўлиб ўтган учрашувидан сўнг топширилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркман президентини мукофот билан табриклади. "Обрўли халқаро ташкилотнинг нуфузли мукофоти – Сизнинг доноларча раҳбарлигингизда олиб борилаётган тинчликсевар ҳамда яратувчанлик ташқи ва ички сиёсатингиз, ОАВ, телекоммуникациялар ривожи ва глобал ахборот маконидагитараққиёи йўлида Туркманистон қўлга киритаётган ютуқларнинг эътирофидир", дейилади Туркманистон давлат ахборот агентликлари томонидан ихтибос келтирилган Ўзбекистон президенти табригида.

Таъкидлаш керакки, Туркманистонда мустақил ОАВ йўқ, мустақил медиа нашрлар билан ҳамкорлик қилувчи журналистлар, жумладан РСЕ/РС (Радио Азатлиқ- «Озодлик» радиосининг туркман хизмати) мухбирлари таъқиб қилинади ва қўрқитилади.

Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлиб қолмоқда, бу мамлакатда аҳолининг ахборот олиш имкониятлари чекланган. Халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида Туркманистон сўз ва матбуот эркинлиги мунтазам бузиладиган мамлакатлар орасида етакчи ўринни эгаллаб келади.

XS
SM
MD
LG