Иккита туристик фирма вакили жорий йил августдан бери умрага борадиган Ўзбекистон ватандошлари учун Саудия расмийлари виза бермаётганини айтди.
– Бирлашган Араб Амирликдаги Саудия элчихонаси хаж вақтида умрага виза бериш тўхтаган эди. Кейин умра визаси бериш бошқа мамлакатлар учун очилди¸ лекин биз учун очилмади. Октябрь бошида очилади, дейишувди ҳалиям очилмади. Дубайдаги Саудия элчихонаси "Ўзбекистондан хат келди¸ туристик фирмаларга умра виза расмийлаштирмаймиз",- деди суҳбатдош.
Тошкентдаги яна бир туристик ширкат вакили ҳам шу гапни айтди: "Ўзбекистонга қўшни давлатлар фуқаролари Саудияга умра сафарига Дубай орқали виза олишяпти. Дубайдаги туристик ширкат ҳамкорлигида. Ҳозирги кунда Ўзбекистон диний идораси Дубай шаҳридаги Саудия элчихонасига хат ёзди , умра визаларни ўзбекистонликларга бермаслик учун. Кеча фирмамиз номидан Диний идорага хат ëздик. Мақсад умра визасини монополиядан чикариш эди. Лекин рухсат беришмаяпти, - деди 2 минг АҚШ долларига “ҳаммаси ичида умра сафари” га юборишни реклама қилаëтган ширкат вакили.
Дин ишлари қўмитасининг исми сир қолишини истаган мулозими умра ибодатини бажариш бўйича ягона қоидага амал қилиш учун¸ бу ташрифни ҳусусий ширкатлардан кўра¸ диний идора яхшироқ ташкил қилади, деган фикрга келинганини айтди.
– Ўзбекистон фуқаролари учун умра квотаси 6 минг қилиб белгиланган. Бундан ташқари ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бир борган одам иккинчи марта умрага бориши учун 2 йил танаффус керак. Хоҳлаган одам ширкатга пул тўлаб бораверадиган бўлса қоидага риоя қилиш қийин бўлади, – деди у.
Ўтган ҳафта Андижон вилоятининг Избоскан туманида хусусий сайёҳлик ширкатига 3 минг АҚШ доллари тўлаб, умрага бора олмаганлар ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳолатда ҳам ширкат Саудия визаси ола олмаганлигини аниқланган эди.