Аввалроқ маълум бўлишича, Мирзо Улуғбек туманидаги 433-сонли МТМ нинг 32 нафар тарбияланувчисида овқатдан заҳарланиш ҳодисаси юз берганди. Маълумот олиниши билан воқеа жойига комиссия етиб борди. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, ҳозирги вақтда икки нафар тарбияланувчи касалхонадан чиққан, қолган болаларнинг ҳам чиқиши давом этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон ОАВлари.
Бош прокуратура маълумотига кўра, 70 нафардан зиёд ота-оналарнинг мурожаати асосида ўтказилган текширув натижасида аён бўлишича, 32 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланган бўлиб, уларнинг 7 нафарида ўткир диарея аниқланган (улар 2-сонли шаҳар болалар юқумли касалликлар касалхонасига ётқизилган).
Текширув таомномадаги иккинчи овқат - тефтелни тайёрлаш қўлланмаси бузилганини, эскирган ошхона жиҳозларидан фойдаланилганини, шунингдек, барча маҳсулотларнинг битта музлатгичда сақланганини (иккинчиси носоз аҳволда бўлган) кўрсатган. Экспертиза учун сув намуналари ва болалар боғчасида мавжуд бўлган барча озиқ-овқат маҳсулотлари олинган.
8 октябрь куни Ўзбекистон Жиноят кодекси 257-1 моддасининг 1-қисми («Оммавий касалликлар ёки одамлар заҳарланишига олиб келган санитар қонунчилигини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов тадбирлари ўтказилмоқда.