Ссылки доступа

Ашхободда халқаро рейсларга авиачипталар етишмаслиги кузатилмоқда


Туркманистонда авиачипталар етишмаслиги билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди. Хорижга парвоз қилмоқчи бўлган туркманистонликлар чипталарни авиакассаларнинг ходимларига пора бериш йўли билан харид қилишга уринишмоқда.

Ашхободлик кузатувчи Аманмурат Бугаевнинг айтишича, Ўғизхон кўчасида жойлашган авиачипталар сотиш агентлиги олдида ҳар куни 200-250 киши тўпланмоқда. «Агентликнинг маълумотлар бюросидан чипта сўрасангиз, сизга биринчи декада охирига қадар, яъни январ ойининг биринчи ярмига қадар чипта йўқлигини айтишади. Одамлар бирибир уларга ишонишмаяпти ва навбатда туришибди», - дейди Бугаев ва шу каби жавобларни Туркманистон пойтахтидаги бошқа авиакассаларда ҳам эшитиш мумкинлигини айтади.

Унинг сўзларига қараганда, навбатда турган одамларнинг таъкидлашича, айрим кассаларда мижозларга навбатсиз хизмат кўрсатилмоқда ва кимда ким пора беришга тайёр турса уларга чипта сотилмоқда.

«Айрим кассаларда мижозлар овоз кучайтиргичларорқали чақирилмайди. Сабабини сўрасангиз “чипталарни брон асосида сотаяпмиз” дейишади. Бу тўғри эмас. Одамларнинг айтишларича, аслида улар чипталарни танишларига сотишмоқда. Одамлар бу кассаларда чипта нархларидан ташқари устига 150-200 доллар пора бераётган мижозларни кўрганликларини айтишмоқда», - дейди Бугаев. Унинг сўзларига қараганда, бу кассаларда чипталарни ҳамма ҳам пора бериб сотиб ололмайди, фақат воситачилар орқали ёки юқорида таниши борларгина чипта сотиб олиши мумкин.

Бу маълумотни Ашхободдаги “Озодлик” радиосининг бошқа бир мухбири ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, хукумат йиғилишларида доимий равишда чипталарни онлайн режимида сотиб олиш мумкинлиги айтилса-да, авиачипталарни банк картлари ишлатиладиган кассаларда ҳам сотиб олишнинг имкони йўқ.

Аманмурад Бугаевнинг айтишича, бир гуруҳ одамлар, жумладан ўқиш учун хорижга йўл олаётган ёшлар расмийларга қўшимча рейслар очилиши борасида мурожаат қилган. Бироқ уларнинг бу илтимоси жавобсиз қолди.

Расмий ОАВ халқаро рейсларга авиачипталар етишмаслиги ҳақида хабар тарқатмайди.

XS
SM
MD
LG