Ўзбекистонлик икки манба-жиноят оламига яқин бўлган тадбиркор ва жиноий авторитетнинг айтишича, “қонундаги ўғрилар” йиғилишига айни дамда Туркияда истиқомат қилувчи Кавказ ва Марказий Осиёдан келган жиноий оламнинг ўнлаб вакиллари қатнашган.
– “Қонундаги ўғрилар” йиғилишида Марказий Осиё жиноят олами авторитетларидан бири «Ахтам Самарқандский» лақабли авторитет чиқиш қилди. Бундан ташқари йиғилишда айни дамда Истанбулда яшаётган Ўзбекистон жиноий оламининг юзга яқин вакили иштирок этди. Яна Қозоғистондан 30га яқин, Қирғизистон ва Тожикистондан50га яқин авторитет қатнашди, – дейди Истанбулда “қонундаги ўғрилар” йиғилишида иштирок этган ўзбекистонлик жиноят авторитети.
Йиғилишнинг яна бир иштирокчисининг айтишича, бу собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан келган жиноий олам авторитетларининг энг йирик йиғилиши бўлди. "Бу каби йиғилиш Истанбулда бўлмаган эди. Йиғилишда асосан баҳсли муаммоларни қандай ҳал қилиш билан боғлиқ масалалар ва бу муаммоларни ҳал қилишда ким судьялик қилиши муҳокама қилинди. Бундан ташқари “обшак”(“ўрта”)га тушадиган пулларни қандай сарфлаш борасида ҳам гап бўлди, – дейди тадбиркор.
Жиноят оламига тааллуқли масалалардан ташқари, “қонундаги ўғрилар” йиғиишида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг биридан “обшак”дан олган пулларни қайтариш талаб қилинди. Тадбиркорнинг айтишича, йиғилишда Надир Салифовнинг баёнот беришича, 2010 йилда ўғрилар «обшак»идан Ўзбекистондан мева ва сабзавот экспорт қилиш билан шуғулланувчи ўзбек тадбиркорига 10 миллион АҚШ доллари берган. Ўшанда Салифов тадбиркор олган пулини 2019 йил бошларига қадар “обшак”ка қайтариш талабини қўйган, дейди суҳбатдошларимиз. (Хавфсизлик нуқтаи назаридан тадбиркорнинг исми шарифи айтилмаяпти).
Туркия ОАВнинг хабар қилишича, жиноят олами авторитетларининг мажлисидан бир кун ўтиб Истанбул полициясининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари 46-ёшли Надир Салифовни ҳибсга олди. Туркиядаги йирик ва нуфузли нашрлардан бири бўлмиш “Ҳуррият” газетасининг ёзишича, Салифов “қотилликка уриниш”, “гиёҳванд моддалар контрабандаси” ва “фирибгарлик” каби жиноятларни уюштириш гумони билан қўлга олинган. Жиноят авторитети сўроқ учун Истанбулдаги Ватан кўчасида жойлашган полиция бўлимига олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, Надир Салифов («Лоту Гули») собиқ совет мамлакатларида энг машҳур жиноий авторитетлардан бири ҳисобланади. У “қотиллик”, “қурол сақлаш”, “гиёҳванд моддалар савдоси” айблари билан 22 йил қамоқда ўтирганидан сўнг, 2017 йилда қамоқдан озод қилинган эди.