Ссылки доступа

Франция компанияси қадимий Бухорода йирик лойиҳани амалга оширади


Ўзбекистон Миллий банки Франциянинг йирик Bouygues («Буиг») қурилиш компанияси билан биргаликда қадимий Бухоро ҳудудида туристик лойиҳани ҳаётга татбиқ қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизматига таянган ҳолда Review.uz нинг хабар қилишича, сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтган ўзбек-француз бизнес форуми чоғида имзоланди. Лойиҳа қиймати 100 млн. еврони ташкил қилади.

Битимга кўра Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, «2017 — 2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Дастури”га биноан “Қадимий Бухоро” туристик зонаси қуриш кўзда тутилган. Лойиҳага кўра 10 гектар ҳудудга меҳмонхона, савдо кўнгилочар марказ, турар жой мажмуаси, ландшафтли боғлар ва бошқалар қурилади.

Битим доирасида«Буиг» компанияси лойиҳалаш ва қурилишдан ташқари шу йўналишда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида янги инвесторларни топишга жалб қилинади ва тақдим этилган иншоатлар бошқарувида иштирок этади. «Буиг» компанияси Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик шаҳарларида ҳам меҳмонхоналар ва курортлар тармоғи қурилиши учун лойиҳаларни босқичма босқич ҳаётга татбиқ этади.

Хабарга кўра, эришилган келишув Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини бундан кейин ҳам ривожлантириш ва самарадорлигини оширишга, сайёҳларнинг мамлакат ноёб маданий мероси билан танишишларига шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Bouygues Batiment International SAS (Буиг Батиман Интернасионал САС) – 1952 йилда асос солинган Франциядаги энг йирик қурилиш компанияларидан биридир. Буиг томонидан Ла-Манш туннели, Дефанс аркаси, Шарл де Голл номли аэропортнинг 2-терминали, автомобил йўллари ва бошқалар қурилган. Компания капитали 25 млрд. еврони ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG