Ссылки доступа

Ўзбекистон ҳаво йўллари": Пётр Каримов ишдан ўз хоҳиши билан бўшаган


Петр Каримов.
Петр Каримов.

Пётр Каримов ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаган”, деб баёнот берди Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси расмий вакили.

Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилованинг 11 октябрь куни айтишича, Пётр Каримов 2017 йили ўз хоҳиши ишдан бўшаган. Унга ўз вақтида келиб ҳисоб-китоб қилиши ва ҳужжатларини олиб кетиши мумкинлиги тўғрисида билдиришнома юборилган.

Зумрад Шожалилова Пётр Каримов суд орқали талаб қилаётган бошқа тўловлар масаласида ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини билдирди.

- Суд масаласида – биз ҳали ҳеч қандай чақириқ қоғозини олганимиз йўқ. Иш масаласида – ҳақиқатан у 2004 йилдан 2017 йилгача бизнинг Москвадаги ваколатхонамизда ишлаган. У ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаган – унинг аризасини ва қарорни биз топдик. Уни ноқонуний ишдан бўшатишгани тўғрисидаги гап-сўзлар тасдиғини топмади. 2017 йилда ишдан бўшаганидан кейин унга расчёт олиб, ҳужжатларини олиб кетиши мумкинлиги тўғрисида билдиришнома юборилган. Кейин нима бўлганини билмадик, чунки у пайтда раҳбарият бошқа эди. Бу масалада чиққан мақолаларда аллақандай “парашютлар” ва тўловлар тўғрисида гапирилган – бизга бу мутлақо тушунарсиз ва уни биз изоҳламаймиз ҳам, – деди Зумрад Шожалилова.

Миллий авиакомпания вакиласи Пётр Каримовга юборилган билдиришнома , ариза ва қарорнинг асл нусхалари авиакомпания ваколатхонасида эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан кўрган ўғли Пётр иш берувчидан ҳақини ундириб беришни сўраб Москва шаҳар Тверь судига мурожаат қилган эди. Пётр Каримов “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида ишлаб келган ва 2017 йилда отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилган. Бироқ, Пётр ишдан бўшатиш пайтида унга берилиши лозим бўлган пул маблағини ("парашют") авиакомпания унга тўламаганини иддао қилмоқда.

XS
SM
MD
LG