Ссылки доступа

Тожикистонда Туркманистон маданият кунлари бўлиб ўтади


Якшанба куни Душанбега Туркманистондан 350 дан ортиқ маданият ва санъат арбоблари етиб келди, улар 14-15 октябрь куни Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Туркманистон маданият кунларида иштирок этишади. Бу ҳақда ТР маданият вазирлиги маълум қилди.

Мамлакат маданият вазири Шамсиддин Орумбекзоданинг айтишича, Туркманистон маданият кунлари доирасида иккита катта концерт бўлиб ўтади. Маданият тадбирларининг бир қисми мамлакатдаги катта туркман диаспораси - 30 минг киши истиқомат қиладиган Дўсти (собиқ Жиликул) туманида бўлиб ўтади.

ТРда Туркманистон маданият кунлари МДҲ мамлакатлари ўртасида имзоланган тадбирлар режаси асосида ўтказилмоқда. Маданият кунларини ўтказиш борасида бир йил муқаддам Душанбега расмий ташриф буюрган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов айтган эди.

Тожикистон расмий доираларидаги манбанинг маълум қилишича, кўп сонли делегациянинг келиши борасидаги янгилик кутилмаганда пайдо бўлди. «Одатда Маданият кунларига 80-150 кишидан иборат делегация юборилади, бироқ Ашхабод 300 кишидан ортиқ делегация юборилишини маълум қилди. Агар тожик томони кўпсонли делегацияни қабул қилишга рози бўлмаган тақдирда, у ҳолда амалдаги муносабатларни кескинлаштириб юборган бўларди, шу сабабли меҳмонларни тўлиқ таркибда кутиб олишга қарор қилинди», - дейди манба.

Бундан аввалги Туркманистонинг Тожикистондаги маданият кунлари 2014 йил ёзида 60 нафар санъат арбоби иштирокида бўлиб ўтган эди.

ТР маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода 12 октябрь куни Тожикистон туркманистонлик меҳмонларни кутиб олишга тайёрлигини айтар экан, «бизнинг асосий мақсадимиз – мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат» деди.

XS
SM
MD
LG