Ссылки доступа

Қирғизистонлик меҳнат мигрантлари ўзларининг касаба уюшмасини тузмоқчи


Иллюстративное фото.
Иллюстративное фото.

Россия ва Қозоғистонда ишловчи Ўш, Баткен ва Жалолобод вилоятларидан келган меҳнат мигрантлари ўзларининг касаба уюшмаларини ташкил қилишлари мумкин.

Бу ташаббус қирғизистонликлар томонидан жиддий муҳокама қилинмоқда, уларнинг фикрича, касаба уюшмалари мигрантларга ҳуқуқий ёрдам олиш, шунингдек Россиянинг «Новопроф» ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш имкониятини яратади.

Мигрантларнинг касаба уюшмасини тузиш борасидаги ташаббусни илгари сурган Баткен вилоятилик ҳуқуқ ҳимоячиси Гулнара Дербишева ўз ғояси хақида гапиради. "Мигрантлар ҳуқуқлари бир томондан иш берувчилар, иккинчи томондан ҳужжат текширувчи полиция ходимлари томонидан бузилади. Уларга яна учинчи томон - фирибгарлар ва кўзбўямачилар қўшилади, улар сохта ҳужжатларни ясашади. Бунинг натижасида боши муаммо ва ғалваларга тўлиб кетган мигрант кимга мурожаат қилишни ва кимдан ёрдам сўрашни билмайди. Агарда касаба уюшмаси ташкил этилгудек бўлса, у ҳолда мигрантлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари мумкин", -дейди Дербишева.

Мигрантларнинг касаба уюшмаларини тузиш борасидаги ғоя ҚР жанубий вилоятлари вакиллари томонидан илгари сурилмоқда. Лойиҳа Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятида истиқомат қилувчи меҳнат мигрантлари иштирокида муҳокама қилинди. Аввалига, касаба уюшмаларининг аъзолари 50 сом миқдорида бадал тўлаш таклифи берилди.

Гулнара Дербишеванинг айтишича, бу маблағлар аввалига ташкилот фаолиятини оёққа қўйиш мақсадида сарфланади, кейинроқ эса муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш молиялаштирилади. "Ҳар бир мигрант ва унинг оила аъзолари мазкур касаба уюшмасининг аъзоси бўлиши мумкин. Айни дамда биз бу ташкилотга мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини жалб қилаяпмиз. Чунки, улар пул ишлаш учун хорижга чиқадиган бўлса, у ҳолда ўзларини нималар кутаётгани, у ерда ўзларини қандай тутиш кераклигини билиб қўйишлари керак. Бизнинг юристлар касаба уюшмаси аъзоларига бепул маслаҳат беради. Бизнинг Россиядаги ҳамкоримиз –«Новопроф» касаба уюшмаси - хориждаги мигрантларимизга давлат компаниялари, иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузиш масаласида бепул маслаҳат беради", - дейди Дербишева.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакат ташқарисида 600 мингдан ортиқ меҳнат мигранти бор. Норасмий маълумотларга қараганда эса, уларнинг сони расмий статистикадан бир неча баробар кўп.

XS
SM
MD
LG