Ссылки доступа

ОАВ: Россия Эронга Америка санкцияларига қарши ёрдам беради


Россия Эрон нефть экспортини фалажлаб қўйувчи ва мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказувчи Американинг янги санкцияларини четлаб ўтишда Эронга ёрдам бермоқчи. Бу ҳақда “Россия ТИВдаги махфий ҳужжатга таянган” ҳолда Исроилнинг mako.co.il агентлиги маълум қилди.

Исроил агентлигининг таъкидлашича, ҳужжатга кўра Эрон ўз нефть хом-ашёсини Каспий денгизи орқали Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишловчи корхоналарга юборади, ўз навбатида Россия бу нефтларни жаҳон бўйлаб сотади. Бу механизм санкцияларни четлаб ўтади ҳамда нафақат Эрон ва Россия ўтасидаги ҳамкорликни, балки Европа мамлакатлари билан ҳамкорликни ҳам таъминлайди. Таъкидланишича, Европа мамлакатлари "Теҳрон ядровий битимидан чиқмаган ҳолда Осиё мамлакатларига нефть сотишда давом этаверишига” сукут сақлаган ҳолда рози бўлади", дейилади агентлик хабарида.

Санкцияларни четлаб ўтиш ташаббуси сентябрь ойи бошларида Теҳронда бўлиб ўтган Россия, Эрон ва Туркия президентларининг учрашувида келишиб олинган.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан эришилган кўптомонлама битимдан чиқишини ва Теҳронга нисбатан босқичма босқич санкциялар қайта тикланиши борасида баёнот берган эди. Америка ва Исроил расмийларининг ишонишича, Барак Обама президентлиги даврида имзоланган Шартнома эронликларга махфий равишда ядро қуролларни яратиш имконини беради. Теҳрон бу айбловларни инкор қилади. Европа Иттифоқи Эрон билан эришилган Шартномани қўллаб-қувватлади ва АҚШ томонидан жорий этилган бир томонлама санкциялардан четга чиқувчи чора-тадбирлар устида иш олиб борилишни маълум қилди. Шу каби мавқени Россия ва Хитой ҳам қўллаб-қувватлайди.

XS
SM
MD
LG