Ссылки доступа

Тожикистонлик ҚВЗчи Хайрулло Мирсаидов жаримани 15 декабргача тўлаши керак


Таниқли журналист ва ҚВЗнинг «Тожикистон терма жамоаси» раҳбари Хайрулло Мирсаидов 80 минг сомони(8 минг доллардан ортиқроқ) миқдордаги жаримани 15 декабрга қадар тўлаши керак.

Хўжанд шаҳар суди 15 октябр куни жаримани тўлаш муддатини атиги икки ойга чўзишга рози бўлди. Бу ҳақда Хайрулло Мирсаидовнинг ўзи маълум қилди.

Журналистнинг сўзларига қараганда, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган суд мажлисида у жарима тўлаш муддатини апрель ойи ўрталарига қадар чўзишларини сўраган. «Мен уларга айни дамда ишим ҳам, пулим ҳам йўқлигини айтдим. Шунингдек менинг сотишим мумкин бўлган уйим ҳам йўқ –ота-онамнинг уйида яшайман. Бироқ судьялар мен суд томонидан белгиланган жаримани 15 декабрга қадар тўлашим борасида қарор чиқарди», - дейди Хайрулло Мирсаидов.

«Бир ҳафта муқаддам суд ижрочилари келишди. Шундан кейин мен жаримани тўлаш муддатини чўзишларини сўраб судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим». Журналистнинг сўзларига қараганда, ҳамон одатий турмуш тарзига қайтганича йўқ ва айни дамда даволанмоқда. Агар Хайрулло Мирсаидов 15 декабрга қадар 80 минг сомони миқдоридаги жаримани тўламайдиган бўлса у ҳолда яна ҳибсга олиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Хўжанд шаҳар суди 11 июль куни Хайрулло Мирсаидовни 12 йил муддатга озодликдан махрум қилиш борасида қарор қабул қилди, у «давлат маблағларини ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш», «ҳужжатларни қалбакилаштириш» ва «ёлғон маълумотларни тарқатиш»да айбдор деб топилди. Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг Мирсаидовнинг оиласи давлат фойдасига терговчилар томонидан белгиланган 124 минг сомони миқдоридаги товон пулини тўлади. Шундан сўнг журналистнинг адвокатлари Хўжанд шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукм қайта кўриб чиқилишини талаб қилдилар.

22 август куни Сўғд вилоят суди Ҳайъати қарори билан Хайрулло Мирсаидов суд залидан озод қилинди. Вилоят суди Мирсаидовга нисбатан учта модданинг ҳаммаси бўйича ишни қайта кўриб чиқди. Жумладан, 245- ва 340- моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш борасидаги ҳукм 80 минг сомонига жарима тўлашга алмаштирилди, ТР Жиноят Кодексининг 346-моддаси бўйича эса ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинадиган бўлди. Таниқли журналист ва ҚВЗчи Сўғд вилояти Ёшлар ва спорт ишлар бўйича бошқармаси собиқ раҳбари Олим Зоҳидзодани порахўрликда айблаб чиққанидан сўнг ўтган йилнинг 5 декабрь куни ҳибсга олинган эди. Унинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон номига йўллаган очиқ хатидан сўнг Сўғд вилоят прокуратураси Мирсаидовнинг ўзига нисбатан жиноий иш очди.

XS
SM
MD
LG