Ссылки доступа

Андижоннинг Бўз туманида пахта тераётган 56 яшар ҳашарчи юрак хуружидан ўлди


15 октябрь куни Андижон вилоятининг Бўз туманида пахта тераётган 56 яшар ҳашарчи Орифжон Солиев юрак ҳуружидан оламдан ўтди. Воқеа тафсилотларидан хабардорларнинг айтишича, Пахтаобод туманидаги молия бўлимида қоровул бўлиб ишлайдиган Солиев пахта теримига чиққанининг илк кунида ўлган.

Фожиа Бўз туманининг Мирзо Улуғбек қишлоғи, “Мустақиллик 15 йиллиги” маҳалласи ҳудудидаги далада 15 октябрь куни эрталаб содир бўлган. Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан хабардор ҳашарчилардан бири маълум қилди.

– Биз қўшни далада пахта тераётгандик. Соат 10 ларда шу фожеа ҳақидаги хабар келди. Ориф акани танирдик. У Пахтаободда молия бўлимида қоровул бўлиб ишлайди. Ўзи 14 октябрь куни келганди. Кеча келиб, жойлашиб, бугун биринчи марта пахта теришга чиққанди. Эрталаб чиқиб, озгина пахта тергач, юраги ушлаб қолибди. Ёнидагилар тез ёрдамга телефон қилишган. Бироқ тез ёрдам келгунча, Ориф ака ўлиб қолган. Докторлар инфаркт дейишди, дейди тафсилотлардан хабардор ҳашарчи йигит.

Бўз тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, шошилинч тиббий ёрдам бўлими ходимлари Орифжон Солиев жасадини Андижон вилоят суд-тиббий экспертиза бўлимига етказишган.

Орифжон Солиев пахта терган қишлоқдаги ҳашарчилардан бирининг айтишича, Солиев билан боғлиқ воқеадан сўнг қишлоқдаги барча ҳашарчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бошланган.

– Далада ҳашарчи ўлиб қолгач, ҳаммаси қўрқиб қолган. Ҳамма ташкилотлар раҳбарлари келишди. Ўлган ҳашарчи отрядига СЭС ходимларидан вакил бириктирилган эди. Афсус назорат қилинмаган. Сабаби СЭС ходимлари ҳам пахтага чиқаяпти. Ҳамма ҳашарчига “Агар биров сўраса, уюшмаган аҳолимиз, дейсанлар” деб ўргатишди, дейди Бўз тумани далаларида пахта тераётган ҳашарчи.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида ҳалокатли ҳодиса ва воқеалар қайд этилади. Бўздаги ушбу воқеадан 5 кун аввал Бўка туманида пахта тераётган 61 яшар Йўлдош Ашуров ҳам юрак хуружидан вафот этди.

XS
SM
MD
LG