Ссылки доступа

Ўзбекистондаги биринчи АЭС $11 млрд туради


Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга келади ва Ўзбекистонда АЭС қуриладиган майдоннинг очилиш тадбирида иштирок этади.

16 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тўдакўл сув омборида Ўзбекистонда илк атом электростанцияси қуриш борасида Россия билан эришилган келишувни тасдиқлади. Станция худди Белоруссиянинг Островцесида барпо қилинаётган АЭС каби Россия лойиҳаси асосида қурилади. Кремлда унинг қийматини $11 млрд дея баҳолашди. РФ президенти Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга келади ва АЭС қурилиш майдончаси очилиш тадбирида шахсан иштирок этади.

АЭС Бухородан 25 километр шимолий-шарқдаги сунъий Тўдакўл сув омбори яқинида жойлашади. Бўлажак станция яқинида йирик Бухоро ва Навоий саноат зоналари бор. Тўдакўл сув омбори Зарафшондан сув олади ва қўшимча тарзда мураккаб каналлар орқали Амударёдан келадиган сув билан тўлади.

Россиянинг "Росатом"и иккита энергоблокдан иборат мажмуа қурмоқчи, биринчи энергоблокнинг ишга туширилиши 2028 йилга режалаштирлган. Режага кўра АЭС қуввати 2300 мегаватт бўлиб, Ўзбекистоннинг электроэнергияга бўлган эҳтиёжининг 20% ни таъминлайди. Лойиҳа қиммат туради: Кремлда унинг нархини $11 млрд дея баҳолашди. Бироқ Ўзбекистон расмийларининг ҳисоб-китобларига қараганда, атом электростанцияси айни дамда электр энергия ишлаб чиқаришда ишлатиладиган 4 миллиард кубометр табиий газни тежаш имконини беради.

Экологлар Ўзбекистонда атом энергетикасидан фойдаланишдан хавотирга тушмоқда ва АЭСга муқобил бўлган хавфсиз – қуёш энергияси асосида ишлайдиган электростанциядан фойдаланиш масаласида мамлакат хукуматига тавсия бермоқда. Республика субтропик минтақада жойлашган, бу ерга қуёш панелларини ўрнатиш учун катта худуд бор. Бироқ қимматга тушадиган яшил технологияларга нуқта қўйишди.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида фақат Қозоғистонда АЭС ишлатиларди. 1973–1999 йилларда Оқтауда 350 МВТ қувватга эга тез нейтронли реактор ишлаган. Ҳозир Қозоғистонда АЭС йўқ, бироқ Остона ва Москва ўртасида камида иккита: Шарқий Қозоғистон вилоятининг Курчатов шаҳри ва Олмаота вилоятининг Улкен шаҳрида атом электр станцияси қуриш масаласида келишув мавжуд.

XS
SM
MD
LG