Ссылки доступа

HRW Душанбени оилавий зўравонлик учун жазо қўллашга чақирди


Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб оилавий зўравонликлар учун жазо қўллашга чақирди.

Ҳафта бошида эълон қилинган ва тез орада БМТ бўлинмаларидан бирида муҳокама қилиниши кутилаётган маърузада таъкидланишича, “Оиладаги зўравонликлардан огоҳлантириш тўғрисида”ги Қонун ва ТР Жиноят кодексига зарур ўзгартишлар киритиш орқали оиладаги зўравонликларни жазолашни кескинлаштириш керак.

HRW маърузасида эри, қайнонаси ва оиланинг бошқа аъзолари томонидан калтакланган ва зўрланган, ҳамда маҳаллий расмийлар томонидан ёрдам кўрсатилмаган тожик аёлининг тарихи мисол сифатида келтирилган. Оиладаги зўравонлик қурбони бўлмиш Зебонинг айтишича, эри томонидан навбатдаги калтакланишдан сўнг баданидаги қон билан Шахритус туман прокуратурасига келган. «Мен калтаклашлар ҳақида айтганимда, терговчи менинг ўзим айбдорлигимни айтиб, аризамни қабул қилмади. Шундан сўнг у эримга қўнғироқ қилиб менинг прокуратурага келганим ҳақида айтди. Кейин эса «Уйинга бор ҳаммаси яхши бўлади» деди, ҳамда мени хонасидан чиқариб юборди»,- дейди Зебо.

Бу каби аёллар Тожикистонда роса ҳам кўп, дея ёзади маъруза муаллифлари, шу билан бирга зўравонликларга учраган аёллар сони аниқ эмаслигини тан олишди. Бироқ айрим амалдорлар, адвокатлар ва оила зўравонликлари қурбонларига ёрдам кўрсатиш марказларининг ходимлари HRWга ҳар учта аёлдан биттаси калтакланиши, жинсий алоқага мажбурланиши ёки зўравонликнинг бошқа кўринишларига дучор бўлишини айтишади.

Тожикистонлик адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари HRW маърузасига қўшилишади ва мамлакатдаги оилавий зўравонлик долзарб муаммолардан бири сифатида қолаётганини айтишади. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Тожикистонда 500га яқин аёл ўз жонига қасд қилган. Кўп ҳолларда аёллар оиладаги зўравонликлар учун шу қадамни қўйишга қарор қилишади.

HRW ўз маърузасида “Оиладаги зўравонликлардан огоҳлантириш тўғрисида”ги Қонунга кўра оила зўравонликларининг айбдорлари жарима тўлаш билан чекланиб қолишлари таъкидланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат аёлларга нисбатан зўравонликлар учун жиноий жавобгарликни жорий қилиши керак, деган фикрни айтади.

XS
SM
MD
LG