Тожикистонда Инвестиция иқлимини яхшилаш борасидаги Консультатив Кенгаши котиби Шараф Шерализоданинг айтишича, бу доимий фаолият юритувчи махсус жамғарма бўлади, унга ҳар бир тожикистонлик ўз маблағларини сармоя сифатида киритиши мумкин. «Унинг механизми ҳозирча тўла ишга туширилмаган, бироқ у шаффоф бўлади, ўз маблағларни қўйган ҳар бир инсон маблағлар нималарга сарфланаётганини билиш имкониятига эга. Тушган барча маблағлар марказлашган жамғармада тўпланади ҳамда маблағлар қандай сарфланиши масаласида молиявий ва жамоат назорати ўрнатилади», - дея таъкидлади Шерализода.
Унинг айтишича, жамғарма таъсисчиси ва Кузатув кенгашининг аъзолари ҳукумат ва хориждаги тожиклар жамиятлари бўлади. Бироқ, Шараф Шерализоданинг айтишича, ўйланган режани ҳаётга татбиқ этиш учун анча саъй-ҳаракат қилиш керак бўлади.
«Биринчидан, бунинг учун ТИВ ёки Меҳнат вазирлиги тузилмасида махсус бўлим ташкил қилиниши керак. Бизнинг хориждаги ватандошларимиз мамлакатдаги иқтисодий жараёнлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишлари керак. Ватандошларимиз учун қурилиш ва ер участкалари ажратишда бериладиган рухсатлар соддалаштирилиши керак», - дейди Шерализода.
Бугунги кунда тўртта мамлакатда - Россия, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистонда 86 та тожик жамиятлари рўйхатдан ўтган, айнан шу мамлакатларда йирик инвесторларни топиш мумкин. Шундан биргина Россияда 81 та тожик жамияти бор.
Шу билан бирга тожик диаспораларнинг вакиллари, ўзлари етарлича инвестиция салоҳиятига эга эканликларини, бироқ аниқ таклифларни кутишаётганини айтишмоқда. Россиянинг Липецк вилоятидаги “Наврўз” тожиклар жамияти раиси Солех Ражабовнинг сўзларига қараганда, агар Тожикистон расмийлари Россиядаги тожик мигрантларнинг гуруҳлари билан тўғридан тўғри музокоралар олиб бориб, инвестиция талаблари ҳақида тушунтирганларида яхши иш бўларди. Россиядаги тожик тадбиркорлари ҳукумат Тожикистон иқтисодиётига инвестиция киритишда ўзларига қандайдир преференция таклифини кутишаётганликларини айтишади.