Ссылки доступа

“РусГидро” компанияси Қирғизистон таклифини қабул қилмади


Россиянинг “РусГидро” компанияси Юқори Норин каскадида ГЭС қурилишига ажратилган 37 миллион долларни тўлаш атрофидаги масалага ечим топиш тўғрисидаги таклифини қабул қилмади. Бу ҳақида Миллий энергия холдинги раҳбари Азамат Абдикадиров айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, компания пул сўзсиз қайтарилишини талаб қилмоқда, қолган муаммоларни эса қирғиз томонининг ўзи ҳал этиши лозим.

2012 йилда Россия ва Қирғизистон ҳукуматлари Қамбарота ГЭС-1 ва Юқори Норин ГЭС-2 қурилиши бўйича битим имзолаганди. Ҳужжатга кўра, мазкур икки объектни ҳам Россиянинг “РусГидро” компанияси бунёд этиб бериши керак эди. Бироқ 2015 йилда Қирғизистон мазкур қурилиш ишларини тўхтатгандан сўнг, Россия билан шартномани бекор қилганди. Шу муносабат билан Россия томони Қирғизистон 37 миллион доллар тўлаши зарур деб ҳисобламоқда. Бишкек эса харажатларни ошириб кўрсатилган деб ҳисоблаб, халқаро аудит ўтказилишини таклиф этмоқда.

2017 йилда Чехиянинг “Лигласс” компанияси билан битим тузилган, бироқ Қирғизистон уни бир томонлама тартибга бекор қилганди.

Сентябрь ойида “РусГидро” АЖ бошқаруви раиси, бош директори Николай Шульгинов “Ведомости” газетасига берган интервьюсида компания маблағларни қайтариб олиш учун Гаагада суд процедураларини бошлагани ҳақида айтиб ўтган.

Қирғизистон ТИВ 16 октябрь куни суд даъвоси ҳақида ҳали расмий огоҳлантириш олмаганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG