Ссылки доступа

Тожикистонда ҳомиладор келинини бўғиб ўлдирган эркак ҳукм қилинди


Ховалинг туман суди келинини ўлдирган маҳаллий аҳоли вакили Сафар Носировни 13 йил озодликдан маҳрум қилиш борасида ҳукм чиқарди. Ҳукм ой бошида чиқарилган ва қонунан кучга кирди, дея хабар берди туман судидаги манба.

Ховалинг туманидаги Садбарго қишлоғида яшовчи Сафар Носиров судда 28 ёши келинини бўғиб ўлдирганини тан олди. Фожиа 18 май куни оддий жанжал туфайли юз берди – Носировнинг келини Шаҳноза Абдураззақова тасодифан тезаклар уюмини бузиб қўйди. Тезак – гўнгнинг қуритилгани ёки қайта ишлангани бўлиб, ёқилғи сифатида, масалан печка ёқишда ёки овқат тайёрлашда ишлатилади.

Сафар Носировнинг судда айтишича, келини тезаклар уюмини қайта тиклашни хоҳламади, бу унинг жаҳлини чиқарди. Унинг сўзларига қараганда, Шаҳноза авваллари ҳам оила бошлиғининг талабларини бажармаган ва мунтазам равишда у билан жанжаллашиб келган.

Ўлдирилган Шаҳноза Абдураззақова қотиллик вақтида иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган, дея маълум қилишди шифокорлар. Фожиадан сўнг Шаҳнозанинг етим қолган қизини тарбиялаш учун Восей туманидаги Осмонбика қишлоғида яшовчи қариндошларига беришди.

Ўлдирилган Шаҳнозанинг эри Умед Носиров қотиллик вақтида уйдан узоқда – Бохтар шаҳрида бўлганини ва шу сабабли ҳам фожианинг олдини олишга муваффақ бўлмаганини айтади. Унинг айтишича, авваллари ҳам отаси ва Шаҳноза ўртасида арзимаган нарсалар бўйича жанжаллар бўлиб турган.

Сафар Носиров деҳқончилик билан шуғулланган, 90-йилларда фирибгарлик айби билан уч йил колонияга ҳукм қилинган эди.

XS
SM
MD
LG