Ссылки доступа

Тожикистон жанубида мина портлашидан икки нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлди


Тожикистон жанубидаги Шамсиддин Шохин туманида жойлашган Кавок қишлоғида истиқомат қилувчи икки нафар фуқаро пиёдаларга қарши мина портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Фожиа 18 октябрь куни юз берди, дея хабар берди Шамсиддин Шохин туман ИИБ.

Хабарларга кўра, 22 ёшли Орзу Содиқов ва 29 ёшли Зухуршо Раҳматов ов вақтида пиёдаларга қарши ПФМ-1 «Лепесток» минасига дуч келишган. Советлар даврида 80- йилларда ишлаб чиқарилган минанинг бу тури илк бор Афғонистонда қўлланилган эди.

«Портлашни эшитган қишлоқ аҳолиси, ҳодиса жойига югуриб боришди. Улар жасадларни қишлоққа олиб келишди. Ҳодиса жойида тергов гуруҳи ишламоқда», - деди туман ИИБ навбатчиси.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида «Лепесток» портлаши туфайли Кавок қишлоғида яшови икки амакивачча– 14 ёшли Шукрулло Фаҳриддин ва 13 ёшли Шохрух Ҳайриддин жароҳат олган эди. Туман ҳуқуқ тартибот идораларидаги манба ўшанда, ҳодиса 2005 йилгача Россия чегарачиларининг заставаси бўлган «Хучак» деган жойда юз берганини маълум қилган эди.

Манбанинг айтишича, минага қарши дастурга кўра, мазкур чегара ҳудуди 2015 йилгача тўлалигича миналар ва портламай қолган снарядлардан тозаланиши керак эди, аммо бу ишлар ҳамон якунлланмаган.

Сўнгги 20 йилда Тожикистоннинг 374 нафар фуқароси пиёдаларга қарши миналардан вафот этиб, 485 нафари жароҳат олди. Миналардан тозалаш жараёнида 20 нафар тожикистонлик сапёр жароҳат олиб, икки нафари ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG