Ссылки доступа

Қандаҳорда "Афғонистон жанубининг қироли" ўлдирилди


Афғонистонда жангариларнинг ҳужуми оқибатида нуфузли афғон ҳарбий бошлиғи, Қандаҳор вилояти полицияси бошлиғи генерал Абдул Раззақ ҳалок бўлди.

Номаълум шахслар маҳаллий маъмурият биносига ҳужум қилди. Бу вақтда бинода Қандаҳор расмийлари ва ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарларининг хорижлик ҳарбийлар билан учрашуви ўтаётган эди. Афғонистон куч ишлатиш идораси вакилларидан бирининг айтишича, ҳужумдан сўнг Қандаҳор губернатори қаргоҳида портлаш юз берган. Маҳаллий журналистларнинг таъкидлашларича, ҳужум қилган жангарилар ўқ отар қуроллар билан қуролланган эди.

Қандаҳор губернатори Залмай Виса ва минтақа разведкаси раҳбари генерал Абдул Моминнинг ҳалок бўлгани айтилмоқда, аммо Қобул расмийлари бу хабарни ҳозирча тасдиқламади. Бундан ташқари уч нафар америкалик жароҳат олди, уларнинг аҳволи борасида хабар тарқатилмади. Улар орасида бир нафар фуқаро амалдори борлиги маълум қилинди.

The New York Times нинг хабар қилишича, фожиа жойида АҚШ ва НАТО қуролли кучларининг Афғонистондаги қўмондони Остин Скотт Миллер ҳам бор эди. Америкалик ҳарбий бошлиқ унинг афғон расмийлари билан суҳбати якунланганидан сўнг террорчилар ўт очгани туфайлигина тирик қолди. Ҳужум Афғонистон парламентининг қуйи палатасига бўлиб ўтиши кутилаётган сайловлар арафасида юз берди, парламент сайлови 20 октябрь куни бўлиб ўтади.

Генерал Абдул Раззақ 2011 йилдан бери Қандаҳор полициясига бошчилик қилиб келади. Айрим экспертлар уни “Афғонистон жануби қироли” деб аташади, чунки генерал Абдул Раззақ ўзининг таъсир доирасини Қандаҳордан ташқари мамлакатнинг бошқа жанубий вилоятларига, жумладан Урузган, Ғилманд ва Зобул вилоятларига ҳам ўтказишга муваффақ бўлди.

Генерал Абдул Раззақ бир неча бор “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда иштирок этган. У ўзининг шу йилнинг ёзида берган интервьюларидан бирида “Толибон” бошлиқларининг ярми тинчлик жараёнини ва зўравонликлар тўхтатилиши тарафдори эканлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG